Маънавий баркамол ёшлар билан миллий юксалиш сари
Ички ишлар вазирлиги академиясида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази билан ҳамкорликда ёшларнинг маънавий дунёқарашини юксалтириш ва ёт мафкуралардан асрашга қаратилган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ички ишлар вазирлиги академиясида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази билан ҳамкорликда ёшларнинг маънавий дунёқарашини юксалтириш ва ёт мафкуралардан асрашга қаратилган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшларга оид давлат сиёсати устувор йўналишлардан бири саналади. Айниқса мафкурафий таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги шароитда келажагимиз ворисларининг муносиб таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллаши, она Ватанимиз равнақига ҳисса қўшиши, бир сўз билан айтганда, маънавий баркамол бўлиб униб-ўсиши долзарб аҳамият касб этмоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар ҳам ёш авлод тарбиясида миллий урф-одатларимиз ва қадриятларимизнинг ўрни, китобхонлик маданиятини шакллантириш, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш, жамиятимизда оила маънавиятини юксалтириш масалаларига тўхталиб ўтди. Миллий ўзлик, маънавий камолот, юртга садоқат ва дахлдорлик туйғулари каби тушунчаларнинг ёш авлод тарбиясидаги аҳамияти батафсил тушунтириб ўтилди.
– Ўтмишимизни, миллий анъана ва қадриятларимизни, қандай буюк аждодларнинг вориси эканлигимизни англамай туриб миллий юксалишга эриша олмаймиз, – деди Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов. – Айниқса маънавий таҳдидлар тобора хатарли тус олаётгани ёшлар таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратишни тақозо қилмоқда. Мафкуравий хуружларнинг жирканч оқибатлари қанчадан-қанча инсонларнинг тинчлиги ва ҳаловатини бузаётганини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди. Демак, давлатимиз томонидан олиб борилаётган улкан янгиланишларга ҳисса қўшишни истаган ҳар бир инсон энг аввало фарзанд тарбиясини тўғри йўлга қўйиши лозим. Биз ёш авлодни юксак ватанпарвар, ҳалол, адолатли, етук билим ва салоҳиятли этиб камол топтирсак, озод ва обод юртимизнинг бугуни ҳамда келажагига ҳеч ким раҳна солмайди.
Давлат ва жамоат арбоблари, олим ва шоирлар иштирок этган тадбирда Президентимиз илгари сурган беш муҳим ташаббус ёшларни эзгу мақсад сари бирлаштириш, истеъдод соҳибларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришда муҳим дастуриламал бўлаётгани эътироф этиб ўтилди.
Жамшид ХОЛОВ,
ИИВ Академияси матбуот хизмати ходими.