ФОТОРЕПОРТАЖ
Тошкент кимё-технология институти талаба-ёшлари ўртасида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ташаббуси билан “Китобхон талаба” танлови ўтказилди.
Ёшларни миллий қадриятларимиз, тарихий-маънавий меросимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш, дунёқараш ва фикрлаш доирасини кенгайтириш, ижодий салоҳиятини ошириш, иқтидор соҳибларини аниқлаш, уларни рағбатлантириш, ақл-заковатини намоён этишига кўмаклашиш, китоб мутолаасига қизиқтириш мақсадида ташкил этилган танлов икки босқичда ўтказилди.
[gallery-7584]
Биринчи босқичда танлов учун тақдим этилган 10 та асарнинг ихтиёрий иккитасидан иштирокчиларга саволлар берилди. Жавобни ўйлаш учун ҳар бир иштирокчига бир дақиқадан вақт ажратилди. Иккинчи босқичда иштирокчилар танланган асарлардан тузилган саволларга ёзма жавоб тақдим этди. Танлов дўстона рақобат руҳида, қизиқарли ва шаффоф ўтди.
Виночилик технологияси ва саноат узумчилиги факультети 2-босқич талабаси Маъмуржон Жуманазаров танлов ғолиби бўлди. Ноорганик моддалари кимёвий технологияси факультети 3-босқич талабаси Олмос Нормуродов иккинчи, Ёқилғи органик бирикмалар кимёвий технологияси факультети 3-босқич талабаси Нодира Маҳмуджонова учинчи ўринни эгаллади.
Даврон ЭРНАЗАРОВ олган сурат), ЎзА