Президентимизнинг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузурида Судьялар клуби ташкил этилди.
Судьялар клуби моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар беради. Шунингдек, клуб судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўллаш юзасидан сўровларга тушунтириш бериш ваколатига эга бўлиб, жамоатчилик асосида фаолият юритади.
Ўзбекистон Судьялар клубининг навбатдаги форуми бўлиб ўтди.
Судьялар клубининг аввалги форумларида жиноят, фуқаролик ва иқтисодий судлар судьялари фаолияти, амалиётда дуч келинаётган муаммолар ва уларнинг ечимларига оид масалалар муҳокама қилинганди.
Бу сафарги тадбирда айни масалалар маъмурий судлар судьялари фаолияти мисолида кўриб чиқилди. Шу боис унда маъмурий судларнинг барча инстанция судьялари иштирок этди.
Судьялар клубининг асосий ишлаш платформаси унинг онлайн форуми бўлиб, бу республикамиздаги барча судьяларга ўзаро мулоқот қилиш имконини беради.
Ўтган вақт давомида Клубнинг онлайн-платформасида маъмурий судлар амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан 137 та мавзу кўтарилиб, улар бўйича 969 та муносабат қолдирилган.
Рақамлар кичкина эмас. Хусусан, таҳлилларга кўра, ҳокимлик, солиқ идоралари ва суд ҳужжатлари ижроси бўйича давлат ижрочиларининг қарорлари ёки уларнинг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан судга киритилаётган аризаларни кўриб чиқиш масаласи судьялар ўртасида энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Бундан ташқари, маъмурий суд судловига тааллуқли низолар юзасидан ҳам янада аниқ тушунтириш ва ҳуқуқий ечимларга эҳтиёж сезилаётганини кўриш мумкин. Суд қарорларини апелляция тартибида кўриш, кадастр ҳужжатларини ҳақиқий эмас, деб топиш ёки аризани рад қилиш асослари бўйича қонунчиликни янада такомиллаштиришга оид таклифлар илгари сурилган.
Тадбирда маъмурий судлар судьялари фаолиятида учраётган шу ва шу каби масалаларнинг ҳуқуқий ечимлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, судьялар дахлсизлиги таъминланишининг самарали механизмлари, Судьялар одоб-ахлоқ кодексига қўшимча ва тушунтиришлар бериш зарурияти юзасидан таклиф-мулоҳазалар билдирилди.
Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати