Бугун амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар натижасида давлат бошқарувининг мутлақо янги, самарали ва сифатли тизими шаклланиб бормоқда.
Бу маъмурий органлар ва уларнинг мансабдор шахслари билан фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатларда яққол намоён бўлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 29 январдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори маъмурий судлар фаолиятини янада демократлаштириш, одил судловни амалга оширишда жамоатчиликнинг судга нисбатан ишончини оширишда янги вазифаларни белгилаб берди.
Мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, унинг ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ҳамда Олий суд ҳамкорлигида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Семинар-тренингда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар маъмурий судлар судьялари ва солиқ органлари ходимлари онлайн тарзда иштирок этишиб, маъмурий судларда давлат солиқ органларининг қарорларини кўриб чиқиш қонунчилиги ва амалиёти, хусусан давлат солиқ органларининг қарорларини бекор қилиш борасида муаммолар ҳам очиқ муҳокама қилинди.
– Жорий йилнинг 20 апрель куни маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ходимларини маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли билан батафсил таништириш мақсадида туркум семинар-тренингнинг биринчи босқичини ўтказган эдик, – дейди Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби директори ўринбосари Дилшод Исроилов. – Бугунги тадбир юқоридаги семинар-тренингнинг мантиқий давомидир.
Биринчи семинар-тренингда асосан маҳаллий ҳокимият вакиллари мутасаддилари, ҳуқуқшунослари иштирок этган бўлса, бугунги тадбирда барча ҳудудлардаги солиқ органлари ходимлари қатнашмоқда. Бундан кўзланган мақсад маъмурий судлар амалиётида солиқ органлари қарорларининг қонунийлигини кўриб чиқиш масаласини муҳокама қилишдир. Тадбир фақат шунчаки маърузалардангина иборат эмас, балки бу борада амалиётдаги муаммоларни аниқлаш ва унинг ечимини топишга қаратилганлиги билан муҳим аҳамият касб этади.
Семинар-тренинг давомида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган нормалар бугунги тезкор ҳаёт динамикасига қай даражада жавоб бермоқда, қонунчилик билан амалиёт бир-бирига мосми каби саволларга ечим изланди, фикр алмашилди.
Тадбирда иштирокчилар маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли билан батафсил танишиш имкониятига эга бўлди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА