Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари кафолатларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам инсон, шу жумладан, жабрланувчи ҳуқуқлари кафолатлари сезиларли даражада кучайтирилди.
Шу билан бирга, жиноят процессида жабрланувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг амалдаги самарали институтини маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишда ҳам жорий этиш зарурияти юзага келмоқда.

Қонунчилик палатасининг мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Унга кўра, маъмурий ҳуқубузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш амалиётига хусусий айблов институтини жорий этиш назарда тутилмоқда. Бунда айрим тоифадаги ишлар бўйича маъмурий ҳуқубузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш фақат жабрланувчининг аризасига асосан бошланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, жабрланувчи ночор аҳволда бўлганлиги, вояга етмагаганлиги, ҳуқуқбузарга қарам бўлганлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра ўз ҳуқуқини ва қонуний манфаатларини ўзи ҳимоя қила олмайдиган алоҳида ҳолларда ваколатли органнинг мансабдор шахси жабрланувчининг аризасисиз ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритишни бошлаши шартлиги назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасидаги нормалар жабрланувчининг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА