Маъмурий бино, янги бўлим очилди
Сирдарё вилояти Боёвут туман тиббиёт бирлашмасида кардиология бўлими иш бошлади. Туман тиббиёт ходимлари фаоллиги туфайли “Ташаббусли бюджет”дан ютиб олинган 1 миллиард 760 миллион сўм маблағ ҳисобига қурилган янги маъмурий бино тиббиёт ходимларининг қувончига қувонч қўшди.
– Мақсадимиз катта, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Акромжон Азизқулов. – Президентимиз қарори асосида умумий стационар ўринларга қўшимча хўжалик ҳисобидаги бўлим очиб, аҳолига янада қулайлик яратишдир. Тиббий хизмат кўламини ошириш мақсадида давлат тиббий хизмат турлари қаторида пуллик бўлимлар фаолиятини ҳам йўлга қўйишни режа қилганмиз. Ҳозир бунга эҳтиёж бор. Агар вилоят марказида жойлашган хусусий клиникалар ва уларда кўрсатилаётган хизмат тури нархларидан анча арзон хизмат турини йўлга қуйсак, аҳолимизнинг оворагарчилигига барҳам берилади.
Тадбир давомида тиббиёт бирлашмаси ходимлари нафақат тиббий хизматда, шу билан бирга пазандачилик, фольклор, санъат соҳасида ҳам ўз иқтидорларини намойиш этди. Улар томонидан тайёрланган миллий таомлар ва намойиш этилган байрам дастури иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири