Мамлакатимизда тутзорлар ҳажми кенгаяди
Бугунги кунда мамлакатимиз бўйлаб 53,5 минг гектар тутзорлар барпо этилиб, баҳорги мавсумда 62,5 миллион туп тут кўчати ва 53 миллион тупдан ортиқ якка қатор тут дарахтлари экилган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов ҳисоботида айтиб ўтилди.
Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 16 августдаги “Қоракўлчилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 17 январдаги “Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ, чора-тадбирлар дастури ва режалар ишлаб чиқилган ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш чоралари кўрилган.

Соҳада 11 та ипак қурти уруғчилик корхонаси ташкил этилган бўлиб, улар томонидан 2019 йилда 157,8 минг қути, 2020 йилда 185,9 минг қути, 2021 йилда 240 минг қути саноатбоп ипак қурти уруғлари ишлаб чиқарилган.
Жорий йил баҳорги пилла боқиш мавсумида 22,7 минг тонна пилла хомашёси (ҳўл пилла) етиштирилган. Шунингдек, cўнгги тўрт йилда пиллачилик кластерлари сони 19 тадан 76 тага етказилган.
Соҳада 2019-2020 йилларда экспорт ҳажми 150 миллион долларни ташкил қилган бўлса, 2021 йил ярим йиллигида 101,7 миллион долларлик ипак ва қоракўл маҳсулотлари экспорт қилинган.
Қолаверса, қўмита томонидан 2019-2021 йилларда доимий ва мавсумий иш ўринларини яратиш орқали ҳудудларда 2,5 миллионга яқин аҳоли бандлиги таъминланган.

Тадбирда амалга оширилган ишларга қарамай ипакчилик, тутчилик, қоракўлчилик ва маданий яйловлар барпо этишни ривожлантириш билан боғлиқ тизимли муаммолар сақланиб қолаётгани таъкидланди.
Мутасадди идоралар томонидан белгиланган вазифаларнинг тўлиқ бажарилмаётганлиги оқибатида тутчилик, пиллачилик ва қоракўлчилик соҳалари етарли даражада ривожланмай қолмоқда.
Хусусан, Жиззах вилояти Янгиобод туманида тадбиркорлик субъектлари томонидан бурғиланган қудуқ ва сув тортиш учун қурилиш насос станцияси қурилиб, субсидия олиш бўйича барча керакли ҳужжатлар расмийлаштирилган бўлса-да, бугунги кунга қадар субсидия маблағлари ажратилмаган. Бу ҳолат тизимдаги бошқа интенсив тутзор барпо қилиш истагида бўлган тадбиркорларнинг ўз лойиҳалари тўхтатиб қўйишига сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, 2020 йилда янги тутзорлар барпо этиш учун пиллачилик тармоғи ташкилотларига кўп йиллик ижара шартномаси асосида қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқарилган ер майдонларини ажратиш бўйича ҳудудлар кесимидаги рўйхати тасдиқланган бўлишига қарамай, Жиззах вилоятидан ташқари бошқа бирорта вилоятда тутзорлар барпо этиш учун етарли ер майдонлари ажратилмаган.
Жумладан, республика бўйича тутзорлар барпо этиш учун ажратилиши лозим бўлган 20 минг гектар ер майдонидан атиги 9 минг гектари (45 фоиз) ажратилган холос.
Шунингдек, республикада мавжуд тутзорлар ва якка қатор тут дарахтлари хатловдан ўтказилганда режада белгиланган 3,3 минг гектар тутзор ва 26,5 миллион туп якка қатор тут дарахтлари мавжуд эмаслиги аниқланган.
Бундан ташқари, кластерларга ажратилиши белгиланган қишлоқ хўжалиги майдонларидан Бухоро вилоятида 339 гектар, Қашқадарё вилоятида 441 гектар кам ер ажратилган бўлса, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида умуман ер ажратилмаган.
Шунингдек, қўмитага илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти тузилмасида Марказлашган илмий-наслчилик тажриба лабораторияси ташкил этилмаган.
Шу билан бирга, ҳудудларда табиий яйловларни асраш ва уларни яхшилаш тадбирларига етарлича эътибор қаратилмаётганлиги ҳамда самарасиз фойдаланилаётганлиги оқибатида бугунги кунда доривор ўсимликлар кескин камайиб кетмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА