Маълумки, пиёз экспорти Ўзбекистоннинг сабзавот экспорти сегментидаги энг муҳим позицияларидан биридир. Ҳар йили қарийб 200 минг тонна пиёз экспортга йўналтирилади. Аммо 4 ой муддатга пиёз экспорти чекланди.
Хўш, бунинг сабаблари нимада?
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, ўтган 2022 йилда республика бўйича барча тоифа хўжаликларида 91,1 минг гектар майдонга пиёз экилиб, 1,9 миллион тонна шундан, август-сентябрь ойларида 665 минг тонна кузги ҳосил етиштирилган.
Етиштирилган пиёз ҳосилининг 1,2 миллион тоннаси аҳоли истеъмолига, 203 минг тоннаси экспортга, 93,2 минг тонна захирага, 210 минг тонна умумий овқатланиш ва қайта ишлаш корхоналарига йўналтирилган. Табиий йўқотишлар эса 228 минг тоннани ташкил қилган. Ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилнинг 20 январидан 30 апрелига қадар аҳолининг пиёзга бўлган истеъмол талаби ўртача 346 минг тоннани ташкил этади.
Пиёз одатда арзон маҳсулотлар сирасига кирсада, бугунги кунда республика деҳқон бозорларида бунинг аксини кўриш мумкин. Масалан, деҳқон бозорлари ўрганиб чиқилганида, пиёзнинг ўртача чакана нархи 6 000-8 000 сўм, улгуржи нархи ўртача 5500-6500 сўм эканлиги маълум бўлди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда ўтган 2022 йилнинг дастлабки икки ҳафтасида ҳам пиёз нархи 25 фоизга ошиши кузатилган.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, республикада жорий йилнинг 9 январидан 17 январгача бўлган кескин совуқ (ўртача -13 даражадан -22 даража) сабабли ёқилғи-энергетика соҳасида вужудга келган муаммолар ва маҳсулотни ташиш логистикаси тизимида юзага келган узилишлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш тизимидаги муаммоларга сабаб бўлган.
Шунингдек, захирадаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини совуқдан асраш, асосий турдаги маҳсулотлар сифатини бузмай сақлаш мақсадида соҳа олимлари ва мутахассислар томонидан тегишли тавсиялар берилишига қарамасдан, кескин совуқ натижасида деҳқон бозорларида айрим очиқ расталарда сақланган пиёз маҳсулотлари музлаб қолган (музлаш ҳарорати -5 даража) ҳамда ноқулай об-ҳаво шароити натижасида таклиф яъни, бозорга маҳсулотни олиб келиш ҳажми пасайган.
Хорижий давлатларда ҳам жаҳонда кечаётган геосиёсий вазият ва иқтисодий муносабатлар занжиридаги мураккабликлар натижасида пиёзнинг дунё бозоридаги нархи сезиларли даражада ошган. Оқибатда, Ўзбекистон ва МДҲда пиёз нархи икки баробарга ўсган. Ўрганишларга кўра, мамлакатимиз ҳудудларида захира миқдори 87 минг тонна ва аҳоли хонадонларида 232 минг тонна, жами 319 минг тонна пиёз маҳсулоти борлиги аниқланган. Бу эса, жойларда ҳамон пиёз захираси мавжудлигини кўрсатмоқда.
Таҳлиллар аҳолининг истеъмол талаби доирасида мавжуд захирага қўшимча 26,5 минг тонна пиёз кераклигини кўрсатмоқда. Ушбу маҳсулотларни импорт қилиш бўйича хорижий давлатлардаги соҳавий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилмоқда.
Ернинг ҳолати, суғоришнинг мутассиллиги, об-ҳаво шароитлари ва ерни бойитиш учун тўғри танланган қўшимчалардан келиб чиққан ҳолда 1 гектар майдондан 30 тоннадан 60 тоннагача пиёз ҳосилини олиш мумкин.
Статистик маълумотларга кўра, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Паркент, Бўстонлиқ, Тошкент туманлари, Жиззах вилоятининг Ш.Рашидов, Зомин туманлари, Самарқанд вилоятининг Жомбой, Тойлоқ, Самарқанд туманлари, Қашқадарё вилоятининг Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ туманлари Сурхандарё вилоятининг Жарқўрғон, Сариосиё, Денов туманларида пиёз экин майдонлари кенгайиб бормоқда. Бу эса пиёзни апрель ойидан бошлаб бозорга чиқариш, экспорт географиясини кенгайтириш ва бир йилда уч муддат маҳсулот етиштириш орқали экин ерларидан самарали фойдаланиш имконини беради.
Шу билан бирга, жанубий вилоятларда баҳор фаслидан пиёзнинг эртапишар нави етиштириб олинади. Жумладан, Сурхондарё ва Қашқадарё заминида экилган уруғ режадагидек униб, ҳосил берса, бу борадаги тақчиллик юзага келмаслиги ва аҳоли талаби тўлиқ қопланиши бўйича ҳисоб-китоблар мавжуд.
Ҳозирги кунда эса, мамлакатимизда нафақат пиёзнинг балки, барча асосий турдаги қишлоқ
хўжалиги маҳсулотларининг захираси мавжуд ва ўрнатилган тартибда сақланмоқда. Талаб ва таклиф мутаносиблиги асосида ушбу захираларни мамлакатимиз деҳқон бозорларига чиқариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА