Дунёда миграциявий жараёнлар тобора кескинлашмоқда. Бунга аҳолининг ўсиши, турли минтақалардаги сиёсий инқироз ва ҳарбий низоларнинг мавжудлиги, табиий офатлар, эпидемиялар ва техноген хусусиятдаги офатлар, ривожланаётган мамлакатларда иш ўринлари етишмаслиги ҳамда иш ҳақининг инсонлар кундалик эҳтиёжларини қондириш даражасининг ўта пастлиги, ёшлар орасида ишсизликнинг юқори даражада сақланиб қолиши каби омиллар сабаб бўлмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси жаҳон иқтисодиётига ҳамда халқаро меҳнат бозорига жадал суръатларда интеграциялашувини амалга оширмоқда. Статистик маълумотларга асосан 2022 йил 1 январь ҳолатига мамлакатимизда доимий аҳоли сони 35 миллион 271,3 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 712,4 минг кишига ёки 2,1 фоизга кўпайди. 2021 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасидан ташқарида меҳнат миграциясида бўлган фуқаролар сони 1,6 миллион, мамлакатимизда ишсизлар сони эса 1,94 миллион кишини ташкил этмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ҳамда мутасадди ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбир ўтказилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида меҳнат миграцияси жараёнлари ушбу масалага оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун ҳамда бир қатор қонуности ҳужжатлар билан тартибга солинган.
Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги меҳнат фаолиятини ташкил этиш, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни ижтимоий, ҳуқуқий ҳимоялаш, уюшган ҳолда ишга жойлаштириш каби масалалар қонунчилик ҳужжатларида акс эттирилган.

Президент фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”га кўра ишлаб чиқилган «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси соҳадаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
Миллий қонунчиликдаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларига оид айрим масалаларни халқаро ҳужжатлар билан уйғунлаштириш зарурати мавжуд. Халқаро ҳужжатларда назарда тутилган меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларига оид айрим нормалар, жумладан ташқи меҳнат миграциясининг ихтиёрийлиги ва эркинлиги, меҳнат мигрантларининг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб камситишга ва мажбурий меҳнатга жалб қилишга, шунингдек, меҳнат мигрантларининг соғлиғига зиён етказувчи шароитларда ишлаш учун жалб қилишга йўл қўймаслик каби бир қатор ҳуқуқлари мазкур лойиҳа асосида миллий қонунчиликка имплементация қилинмоқда.

Лойиҳада ташқи меҳнат миграцияси соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ташқи меҳнат миграцияси жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, меҳнат мигрантларининг ҳисобини юритиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги меҳнат фаолиятини ташкил этиш, уларни уюшган ҳолда ишга жойлаштириш ҳамда чет эллик фуқароларни Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида жалб қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари ягона ҳужжатда жамланган ҳолда тўлиқ ёритиб берилмоқда.
Тадбирда иштирокчилар томонидан қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрланган матни юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА