Маълумки, учувчисиз учар қурилма, яъни дронлардан сўнгги йилларда кенг фойдаланилмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасида. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасига инновацион технологияларни жалб қилиш орқали нафақат меҳнат унумдорлигига, балки сифатли ва юқори ҳосил олишга ҳам эришиш мумкин.
Илгари қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳолати мониторингини ўтказишга жуда кўп вақт ва маблағ сарфланган бўлса, бугунги кунда замонавий технологиялардан бири бўлган учувчисиз учиш қурилмалари қишлоқ хўжалиги экинлари билан банд бўлган ерларни назорат қилиш ва кузатишда қўл келмоқда. Эътиборлиси, дронлардан ер ўлчаш, ҳаводан фотога олиш, даланинг ҳолатини, ҳосилдорлик ва суғориш даражасини кузатиш, тупроқни ўғитлаш, дори пуркаш ва экинни бошқаришда фойдаланилади.
Шу боис, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 29 мартдаги “Иқтисодиёт тармоқларида фуқаро авиациясининг учувчисиз учиш қурилмаларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Кадастр агентлигининг “Геоинновация маркази” давлат унитар корхонаси фаолияти йўлга қўйилган.
Бугунги кунда ушбу Марказ учувчисиз учиш қурилмаларини (УУҚ) ишлаб чиқариш ва фойдаланишда энг янги технологияларни ва хорижий тажрибани жорий этмоқда. Шу билан бирга, илмий-тадқиқот ва тажриба, конструкторлик ишларини ташкил этиш, иқтисодиёт тармоқларида УУҚларни қўллаш ва улардан фойдаланиш бўйича методик тавсиялар ишлаб чиқиш каби вазифаларни амалга ошириб келмоқда.
– Бугунги кунда ер майдонларини кузатиш ишлари икки соатда амалга оширилади, – дейди “Геоинновация маркази” ДУК директор ўринбосари Талат Абдуазизов. – Ваҳоланки, авваллари бу ишлар учун 3 кун вақт сарфланарди. Инновацион технология орқали майдонларни нафақат кузатиш, балки суратга олиш, харитасини тузиш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Марказ томонидан ўтган йил давомида учувчисиз учиш қурилмаларини бошқариш учун жами 255 та бошқарувчи оператор мутахассис ўқитилди. Агентлик ҳудудий бошқармаларининг 42 дона ҳамда вазирлик ва идоранинг 17 дона учувчисиз учиш қурилмасига қисман таъмирлаш ва техник хизматлар кўрсатилди. Топография, фотограмметрия ва геофазовий маълумотларни янгилаш бўйича ишлар амалга оширилди.
Учувчисиз учиш қурилмалари, митти дронлар билан 15 маротаба “дрон-шоу” тадбирлари ўтказилди. Учувчисиз учиш қурилмаларининг аккумулятор батареялари техник кўрикдан ўтказилмоқда. Корхона мутахассислари томонидан қурилмаларнинг аккумулятор батареяларига совуқ мавсумда иситадиган “транспорт қутиси” яратилди.
Шунингдек, самолёт ва гексокоптер туридаги учувчисиз учиш қурилмалар лойиҳаси яратилди. Марказда учувчисиз учиш қурилмаларига техник хизмат кўрсатиш, улардан самарали фойдаланиш, учувчисиз учиш қурилмалари орқали геодезия ишлари амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, учувчисиз учиш қурилмаларини лойиҳалаш ва бошқа фаолиятлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда марказда 1000 га яқин турли хил вазифаларни бажарувчи дронлар мавжуд.
Президент қарорига асосан кадастр тизими йўналиши бўйича докторантура фаолияти йўлга қўйилмоқда. Геодезия ва картография соҳасида ишлатиладиган жиҳозларни текшириш ва калибрлаш лабораториясини ташкил этиш ва ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда.
Қайд этиш жоиз, Марказ давлатимиз раҳбарининг “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ энергия тежовчи қуёш панелларини ўрнатиш ишларини ўз зиммасига олган. Бугунги кунга қадар Кадастр агентлиги тизимида жами 21 та объектда қуёш панеллари ўрнатиш ишлари амалга оширилди.
Бундан ташқари Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 6 та кам таъминланган хонадонга энергия тежовчи қуёш панеллари бепул, яъни хайрия қилиниб, ўрнатиб берилди. Ҳар бир хонадонга 2 кВли 4 тадан панел ўрнатилди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА