Бағрикенглик ўзаро ҳурмат, бир-бирини англаш, тушуниш ва қабул қилиш демакдир. Ер юзидаги турфа маданиятга ҳурмат билан ёндашишга ҳам бағрикенглик таърифи берилади. Билим, самимият, виждон ва эътиқод уйғунлиги натижасида юзага келадиган бу тушунча фақат маънавий бурчгина эмас, балки сиёсий, ҳуқуқий эҳтиёж ҳам саналади. Энг асосийси, бағрикенглик туфайли тинчлик таъминланади, турли низо, урушлар келиб чиқишининг олди олинади.
БМТ Бош ассамблеяси қарорига кўра, 1997 йилдан буён 16 ноябрь ҳар йили бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида кенг нишонланиши яхши анъанага айланган.
Шу муносабат билан юртимизда Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан бирга 13-19 ноябрь кунлари “Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик” шиори остида “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилмоқда. Анжуман дастурига кўра, турли маданий, маънавий-маърифий ва илмий-амалий тадбирлар режалаштирилган.

Бугун пойтахтимиздаги “Янги Ўзбекистон” боғида бўлиб ўтган Мустақиллик монументига гул қўйиш маросимида турли миллат ва диний конфессиялар, Миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари вакиллари юртимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш кераклиги ҳусусида фикр билдиришди.
Ёзувчилар уюшмасида ташкил этилган “Янги Ўзбекистон китоб ва кутубхонадан бошланади” номли кўргазма орқали турли миллат ёзувчи-шоирлари асарлари намойиш этилган. Тадбир доирасида “Ўзбекистондадир бахтим, толеим” жамоа тўплами тақдимоти ҳам ўтказилди.

Қўмита раиси ўринбосари Азамат Тошевнинг сўзларига кўра, жамиятда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, адабий ҳамкорлик ва конфессиялараро мулоқотни мустаҳкамлаш, хорижий давлатлар билан дўстона, тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли муносабатни ривожлантириш Ўзбекистон Республикасининг миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсати концепсиясида устувор вазифа сифатида белгиланган. Бу борада яхлит, чуқур ўйланган фаолиятни амалга оширишга қаратилган амалий чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу ислоҳот ва ўзгаришлар негизида конституцион ҳуқуқ ва кафолат ётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Тадбирнинг асосий мақсади – ўсиб келаётган ёш авлод онгига Ватанга муҳаббат, юрт тақдири учун дахлдорлик ҳиссини сингдириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, китобхонликка фаол жалб қилишдан иборат.
Ҳафталик доирасидаги қизиқарли тадбирлар, конференция, кўргазма ва байрам дастурлари 19 ноябрга қадар давом этади.
Гўзал Сатторова, ЎзА