Мамлакатимиз тараққиётида янги давр
Бу йил Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллиги мамлакатимизда ҳар йилгидан кўра ўзгача шукуҳ билан нишонланмоқда.
Сабаби, 2023 йилда тубдан янгиланган Бош қомусимизни умумхалқ референдуми асосида қабул қилдик ҳамда миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор барча норма ва қоидалари тўғридан-тўғри қўлланадиган мукаммал, замонавий Конституцияга эга бўлдик.
Алоҳида таъкидлашни истардимки, Конституциямизнинг ҳозирги матни олим-у мутахассислар томонидан фақат кабинетларда яратилмади. Балки даставвал икки босқичда халқимизнинг фикри, таклифлари ўрганилди, шундан сўнггина Конституция лойиҳаси тайёрланди. Аввалги тажрибаларга эътибор қилсак, Конституция қабул қилишда дастлаб лойиҳа ишлаб чиқилиб, кейин халқ муҳокамасига қўйиларди.

Жумладан, биринчи босқичда Конституция лойиҳасини шакллантириш учун фуқароларимиз 60 мингдан зиёд таклиф беришди. Уларнинг кўпчилиги лойиҳадан жой олди;
иккинчи босқичда эса Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Оммавий ахборот воситалари, интернет тармоқлари орқали лойиҳа билан 5 миллиондан зиёд аҳоли танишиб, 150 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар айтилди.
Шу билан бирга, меҳнат жамоалари, олийгоҳлар, маҳалла фаоллари ва зиёлилар билан бўлиб ўтган муҳокамаларда ҳам яна қўшимча таклифлар олинди.
Буларнинг ҳаммаси янги таҳрирдаги Конституцияда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олингани, Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун халқимиз жипслашгани, Бош қомусимиз том маънода халқ Конституцияси бўлаётганидан далолат беради.
Бош қомусимизда Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгиланди.
Тарихимизда илк бора Ўзбекистон – ижтимоий давлат, деб белгиланди. Яъни, инсонга эътибор ҳамда ғамхўрлик – давлат ва жамиятнинг энг асосий бурчи экани мустаҳкамлаб қўйилди.
Кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик – давлат сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиши қайд этилди.
Конституцияда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши белгиланди. Умуман давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ Конституциядаги нормалар 3 баробар кўпайтирилди.
Таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти кенгайтирилди, ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлди.
Яна бир муҳим янгилик – давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши конституциявий мустаҳкамланди. Ушбу норманинг киритилиши жамиятимизда оила мустаҳкамлиги ва мўътабарлигини барқарор таъминлашга хизмат қилмоқда.
Энди фарзандлар тарбияси, уларга таълим бериш, баркамол вояга етказиш ҳам ота-она мажбурияти сифатида белгилаб қўйилди. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш эса давлатнинг бурчи сифатида белгиланди.
Конституцияда ҳар кимнинг меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқи кафолатланди.
Мазкур норманинг Конституцияда белгиланиши фуқароларнинг иш ҳақлари миқдори шунчаки эмас, айнан уларнинг муносиб турмуш кечиришини таъминлашда, пировард натижада аҳоли турмуш даражасини яхшилашда ва мамлакатимизда ижтимоий адолатни устувор қадриятга айлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Бундан ташқари, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши ҳам мустаҳкамланди.
Фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари кенгайтирилди, хусусан фуқароларнинг давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгалиги конституциявий даражада мустаҳкамланди.
Илк маротаба Конституцияда барча даражадаги ҳокимларнинг ваколатлари белгиланди. Албатта ушбу ўзгаришлар ижро ҳокимияти органларининг масъулиятини оширишга, давлатнинг янги мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда Ҳукумат ва ҳокимлар олдида турган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлашга хизмат қилади.
Инсон фаровон яшаши, давлат барқарор ривожланиши учун самарали, ихчам ва халқчил давлат бошқаруви жорий қилинди, парламентаризмни кучайтириш сари дадил қадам қўйилди.
Том маънода айтганда Янги Ўзбекистонимизнинг янги Конституцияси халқпарвар давлат қуриш мақсадида кучли парламент, ихчам ва масъулиятли ҳукумат, мустақил ва адолатли суд тизимини барпо этишга қаратилган.
2024 йил 27 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар бу борада тарихий қадам бўлди.
Янги таҳрирдаги Конституция асосида миллий сайлов қонунчилигимиз тубдан такомиллаштирилди ва у сайлов жараёнларининг янада ошкора ва адолатли ўтишини таъминлади.
Энг асосийси, давлатимиз тарихида илк маротаба аралаш сайлов тизими асосида ўтган парламент сайловида янги таҳрирдаги Конституция асосида катта ваколатларга эга бўлган Олий Мажлис таркиби сайланди.
Янгиланган Конституция мамлакатимиз тараққиётида бутунлай янги даврни бошлаб берди. Ишончим комил-ки, бу – мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида улкан натижаларга эришиладиган янги давр бўлади.
Янги Ўзбекистон Конституцияси эса бу ислоҳотларни амалга оширишда муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилаверади.
Аброр Латипов,
Давлат хизматини ривожлантириш aгентлигининг
Навоий вилоят филиали бош инспектори.
ЎзА