Мамлакатимиз тараққиёти ва қудратининг тимсоли
Йўллар мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланишида беқиёс аҳамият касб этади. Зеро, йўл борган жойда тараққиёт бўлади, фаровонлик, маданий ва маърифий юксалиш бўлади. Айнан шу боис манзиллардан-манзилларга элтувчи замонавий, қулай ва хавфсиз йўлларни барпо этиш ҳамиша долзарб вазифа бўлиб келган.
Йўллар мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланишида беқиёс аҳамият касб этади. Зеро, йўл борган жойда тараққиёт бўлади, фаровонлик, маданий ва маърифий юксалиш бўлади. Айнан шу боис манзиллардан-манзилларга элтувчи замонавий, қулай ва хавфсиз йўлларни барпо этиш ҳамиша долзарб вазифа бўлиб келган.Ўзбекистон транспорт тизимининг муҳим бўғини – темир йўллар бунга ёрқин мисол бўла олади. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиётимизнинг асосий қон томирига айланган темир йўл тармоғини ривожлантиришга мустақилликнинг илк кунларидан алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ҳар йили мамлакатимиз темир йўл транспорти қарийб 19 миллион йўловчининг узоғини яқин қилмоқда. Юк ташиш ҳажми ҳам муттасил ошиб бораётир. Бугунги кунда барча транспорт турларида юк ташиш ва импорт-экспорт ташишлар жами ҳажмининг катта қисми темир йўл тармоғи улушига тўғри келади.
Буюк Ипак йўлидаги пўлат излар
Давлатимиз раҳбари ўз нутқ ва маърузаларида асрлар давомида дунё халқлари маданиятининг ўзаро бойиши, улар ўртасида савдо-сотиқ муносабатларининг ривожланишига хизмат қилиб келган Буюк Ипак йўлининг аҳамияти ҳақида кўп бор таъкидлаган. Ҳозирги темир йўллар узоқ ўтмишдаги йўналишлар орқали ўтгани ҳам диққатга сазовордир. Бугун мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида соҳани ривожлантириш ва модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Яқин ўтмишга назар ташлар эканмиз, айтиш мумкинки, темир йўлчиларимиз мураккаб шароитларда ҳам юзлаб километр пўлат излар ётқизиб, катта тўсиқларни муваффақият билан енгиб ўтаётганига гувоҳ бўламиз. Темир йўлларимиз мустаҳкам ва тежамкор эканини хорижий мутахассислар ҳам эътироф этмоқда. Соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ва изчил ислоҳотлар самарасида мамлакатимиз темир йўллари юқори технологияларга асосланган замонавий транспорт тизимига айланди. Бунда йирик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этаётган “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компаниясининг алоҳида ўрни бор.
“Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси маълумотларига кўра, айни пайтда мамлакатимиз темир йўлларининг узунлиги 6 минг километрдан ошади. Мустақиллик йилларида 700 километрдан ортиқ темир йўл қуриб фойдаланишга топширилди.
Навоий – Учқудуқ – Мискин – Тўрткўл – Султон Увайстоғ янги темир йўл линиясининг қурилиши шаҳар ва қишлоқларимизни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга йирик лойиҳалардан биридир. Ушбу янги линиянинг ишга туширилиши нафақат табиий бой минерал захиралардан фойдаланиш, қўшни мамлакатлар ҳудудини айланиб ўтадиган транспорт харажатларини камайтириш, балки мамлакатимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Амударё орқали ўтган маҳобатли кўприкнинг бунёд этилиши эса мамлакатимиз темир йўл тизимини ривожлантиришда, айниқса, муҳим лойиҳа бўлди. Ушбу улкан муҳандислик иншооти Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини боғлаб, пойтахтимизга келадиган масофани сезиларли даражада қисқартириш имконини берди. Узунлиги қарийб 700 метр бўлган ушбу кўприк Урганч – Тошкент йўналиши бўйича қатнайдиган поездлар ҳаракати вақтини 5,5 соат, масофани 300 километрга қисқартирди. Бундан ташқари, кўприкдан фойдаланиш самарасида мамлакатимиз шимолий ҳудудларида катта миқдордаги фойдали қазилма конларини ўзлаштириш, кўплаб иш ўринлари яратиш, шунингдек, давлатлараро ва маҳаллий поездлар ҳаракатини самарали йўлга қўйиш имконини берди. Мустақиллигимизнинг 20 йиллиги арафасида кўприк орқали барча шароитлар муҳайё этилган замонавий поездлар қатнови йўлга қўйилди.
Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон янги темир йўл линияси Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларини жадал ривожлантириш, ҳудуддаги фойдали қазилма бойликларини самарали ўзлаштириш, мамлакатимиз жанубида ижтимоий инфратузилмани тараққий эттиришга хизмат қилаётир. Ушбу замонавий мураккаб лойиҳа янги муҳандислик ечимлари асосида амалга оширилди. Марказий Осиёда илк бор денгиз сатҳидан 1800 метр баландликдаги Ҳисор тоғ тизмаларини кесиб ўтган темир йўл ётқизилди. Бу йўлда 48 кўприк, 560 дан ортиқ иншоот барпо этилди.
Мустақилликка эришгунимизга қадар бундай лойиҳалар ҳақида ўйлаш хаёлимизга ҳам келмаган. Зеро, уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши темир йўл магистралларини ривожлантириш борасидаги юксалишнинг амалдаги яна бир тасдиғидир. Бугун ўша орзулар кўз ўнгимизда ҳақиқатга айланди. Бунёд этилаётган ушбу замонавий транспорт қон томирлари иқтисодиётимизга сармоя киритаётган чет эллик инвесторлар эътиборини ҳам жалб этаётгани янада аҳамиятлидир.
Темир йўлларни модернизация қилиш ва электрлаштиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Чунончи, сўнгги йилларда электрлаштирилган Тошкент – Самарқанд ва Тошкент – Хўжакент темир йўл линиялари қаторига Тўқимачи – Ангрен йўналиши ҳам қўшилди. Бу эса Тошкент вилояти темир йўл линияларини замонавий технологияларга ўтказишнинг мантиқий давоми бўлди. Шунингдек, юқори тезликда ҳаракатланишни йўлга қўйиш мақсадида электрлаштирилган икки йўналишли Янгиер – Даштобод ва Даштобод – Жиззах, Ғаллаорол – Булунғур темир йўл участкалари қуриб битказилди. Энди ўн минглаб йўловчилар янги йўналишлардан бемалол фойдаланиши мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 21 декабрда қабул қилинган “2011-2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори темир йўл транспортини ривожлантиришда навбатдаги босқични бошлаб берди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ мамлакатимиз темирйўлчилари Марказий Осиёда биринчи бор соатига 270 километр тезликда ҳаракат қиладиган замонавий поездлардан фойдаланиш учун мўлжалланган Тошкент – Самарқанд темир йўлини барпо этди.
Узунлиги 140,8 километрни ташкил этадиган Мароқанд – Қарши участкасининг электрлаштирилиши “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси томонидан ушбу йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг давоми бўлди. Мазкур лойиҳада Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон темир йўл линиясида фойдаланилаётган поездлар учун Қарши шаҳридаги локомотив депосини реконструкция қилиш назарда тутилган. Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизнинг кўплаб йирик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилаётган жанубий ҳудудларида йўловчи ва юк ташиш оқимини 20 фоиз ошириш имконини беради.
Таъкидлаш жоизки, 2021 йилга қадар “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси умумий узунлиги 1000 километрдан зиёд бўлган яна тўртта участкани электрлаштиришни режалаштирмоқда. Бу, ўз навбатида, электрлаштириш даражасини қарийб уч баробар ошириш имконини яратади.
XXI аср поездлари
Бундан 10-15 йил илгари Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари ўртасидаги темир йўлларда юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” поездининг пайдо бўлишини кўпчилик тасаввур ҳам этмаган. Ушбу поезд нафақат юртдошларимиз, балки чет эллик сайёҳлар эътиборини ҳам тортмоқда. Бунинг сабаби оддий. Негаки, бундай замонавий поездлар ўзининг технологик тараққиёти билан дунёга машҳур бир неча мамлакатдагина қатнамоқда. Шунингдек, Тошкент – Бухоро ва Тошкент – Қарши йўналишларида қатнаётган “Sharq” ҳамда “Nasaf” тезюрар поездларида ҳам йўловчилар учун барча қулайликлар яратилган.
– Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва бой маданий мероси ҳақида кўп ўқиганман, – дейди Буюк британиялик сайёҳ Грег Додс. – Бу ерга келгунимга қадар афсонавий мамлакатингиз ҳақида кўп маротаба эшитганман. Аммо, дунёнинг қадимий шаҳарларидан бири бўлган Самарқандга барча қулайликларга эга замонавий поездда келаман, деб сира хаёлимга келтирмаган эдим. Ҳақиқатан ҳам, бу нақд эртакнинг ўзгинаси.
Локомотив – темир йўлларда ҳаракатлантирувчи асосий кучдир. Бу борада “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси истиқболли ишларни амалга оширмоқда. Мустақиллик йилларида мамлакатимиз локомотив хўжалигида улкан ўзгаришлар рўй берди. Катта ҳажмдаги юкларни кам маблағ сарфланган ҳолда ташиш имконини берадиган янги юк электровозлари харид қилинди.
Масалан, компания Дальян электровозсозлик заводида (Хитой Халқ Республикаси) мамлакатимиз учун махсус ишлаб чиқарилган O’ZEL русумидаги 38 электровозни сотиб олди. Мазкур электровозлар тоғли ҳудудларда фойдаланиш учун мўлжалланган бўлиб, замонавий халқаро экологик хавфсизлик талабларига жавоб беради.
“Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси мутахассисларининг таъкидлашича, O’ZEL русумидаги электровозларнинг харид қилиниши компанияга сезиларли техник-иқтисодий самара келтирмоқда. Бу электровозларни таъмирлашда меҳнат сарфини 25 фоиз, материаллар ва ресурслар сарфини 40 фоиз, рекуператив тормозлашдан фойдаланиш ҳисобига электр энергияси сарфини 10 фоиз камайтириш, ташилаётган юк вазнини 12 фоиз ошириш имконини бермоқда.
“Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси локомотив хўжалигини модернизация қилиш бўйича улкан режаларни амалга оширишни мўлжалламоқда. Мамлакатимиз пўлат изларида қатнайдиган ушбу локомотивлар янги турдаги вагонларни ўз ортидан эргаштиради. Зеро, вагонлар паркини янгилаш ҳам темир йўл соҳасидаги техник тараққиётнинг муҳим шартидир.
Айнан шу мақсадда 2001 йил Япония ҳукумати кредитини жалб этган ҳолда Тошкент йўловчи вагонлар қуриш ва таъмирлаш заводи барпо этилди. Бу ерда халқаро сифат стандартларига жавоб берадиган қулай ва шинам йўловчи вагонлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Реконструкция қилинган Қуюв-механика заводи юк вагонлари паркини тўлдиришга ёрдам бераётир. Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили завод очилишида иштирок этгани ҳам унинг нечоғли аҳамиятга эга эканидан далолат беради. Йилига 26,5 минг тонна қуйма маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга ушбу заводда айни пайтда 167 турдаги саноат маҳсулотлари тайёрлаш маҳаллийлаштирилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган юк ва йўловчи вагонлари МДҲ давлатлари йўлларида ҳам ҳаракат қилмоқда, мамлакатимиз темир йўл тармоғининг технологик ютуқларини намойиш этмоқда.
Янги уфқлар...
Электрлаштирилган янги Ангрен-Поп темир йўлининг қурилиши мамлакатимиз темир йўл тармоғини янада ривожлантиришда катта аҳамият касб этади. Ўзбекистоннинг марказий қисмини Фарғона водийси вилоятлари билан боғлайди ва Европани Осиё билан боғлайдиган трансмиллий транспорт коридорининг муҳим бўғини бўлиб хизмат қилади.
Ўтган йили мамлакатимиз темирйўлчилари транспорт коммуникация соҳасидаги ушбу лойиҳани хитойлик шериклар билан ҳамкорликда амалга оширишга киришди. Узунлиги қарийб 124 километрлик электрлаштирилган Ангрен – Поп темир йўл линияси денгиз сатҳидан 2,2 минг метр баландликда жойлашган Қамчиқ довони орқали 19 километрлик темир йўл туннелини қуришни кўзда тутади.
Ушбу темир йўл, ҳеч муболағасиз, истиқболда иқтисодиётимизни янада ривожлантириш учун стратегик аҳамиятга эгадир. Унинг ишга туширилиши мамлакатимиз ҳудудида ягона темир йўл транспорти тизимини шакллантириш имконини беради. Айни пайтда йўлнинг 60 километрдан кўпроғи қурилди. Йўл қурилиши 2016 йилда ниҳоясига етказилади. Юртдошларимиз ва чет эллик меҳмонлар Тошкентдан Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларига ҳеч бир қийинчиликсиз бориш имконига эга бўлади.
“Темир йўл – тирик организм”, дейди мамлакатимиз темирйўлчилари. Уларнинг гапида жон бор. Зеро, Ўзбекистон темир йўл тармоғи тарихан қисқа вақт ичида янги қиёфага эга бўлди, Ватанимиз тараққиёти ва қудратининг ўзига хос тимсолига айланди.