Мамлакатимиз олий ўқув юрти ЖСТ танловида сараланди
Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида мазкур олий таълим муассасаси ректори, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Тошкент Халқаро инвестиция форумида қатнашиш учун юртимизга келган Жаҳон савдо ташкилоти Бош директори ўринбосари Сянчен Чжан билан учрашди. Тадбирда ўзаро ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва мавжуд алоқа кўламини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Жаҳон савдо ташкилоти ўз фаолияти давомида кўплаб йирик лойиҳаларни амалга ошириб келади. Шулардан бири “ЖСТ кафедралари” дастуридир. Мазкур лойиҳага ташкилот таркибидаги 164 давлатдаги олий ўқув юртлари кафедралари, марказлари, лабораториялари ва бошқа илмий бўлимлари аъзо бўлишлари мумкин. Албатта, бунинг учун номзодлар жуда жиддий синовдан иборат танловда ўз таклифлари билан иштирок этиб, кескин рақобатда ғолиб чиқишлари зарур. Тошкентдаги ЖИДУ ана шундай йирик танловда эътироф этилди.
- Ўзбекистонга иккинчи бор келишим ва ҳар гал ушбу таълим масканида учрашув ўтказиш шарафига муясар бўляпман, дейди жаноб Сянчен Чжан. - Бу бежиз эмас, албатта.
Аввало, мамлакатингизда кейинги йилларда улкан ижобий ўзгаришлар юз бераётганини эътироф этишим керак. Бу янгиликлар, табиийки, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ҳам яққол кўзга ташланяпти. ЖСТ томонидан йўлга қўйилган, жаҳоннинг етакчи, сараланган кафедралари билан изчил ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган махсус лойиҳада Ўзбекистоннинг мазкур олий ўқув юрти ҳам ғолиб чиққани фикримиз тасдиғидир. Яъни, Тошкентдаги ЖИДУ мазкур танлов доирасида 140 номзод таълим даргоҳи орасидан саралаб олинган дунёнинг энг кучли 17 университети сафидан ўрин олди.
[gallery-6269]
Бу натижа республиканинг халқаро миқёсдаги яна бир йирик ютуғидир. Энг муҳими, бу билан Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши жараёнида яна бир катта қадам қўйилди, дейиш мумкин.
Айниқса, мамлакатимизнинг ЖСТга аъзолиги масаласи долзарб кун тартибига чиққан бир пайтда университетнинг мазкур муваффақияти ҳар қачонгидан муҳим аҳамият касб этмоқда. Негаки, бу Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли молиявий тузилмага киришини таъминлайдиган омилларнинг илмий асосини яратишга ёрдам беради.
Бундан ташқари дастур билан жамиятимизда ушбу ташкилот ҳақида кенгроқ тасаввур уйғотиш, хусусан, ЖСТ фаолияти, иш механизмлари, қоидалари ҳақида, қолаверса, аъзоликнинг муайян мамлакатга келтирадиган фойдаси, манфаатли жиҳатлари хусусида батафсил маълумотга эга бўлиш имконияти кенгаяди.
Элчи Чжан ушбу таълим масканига ташрифи давомида университетда ташкил этилган юридик клиника фаолияти билан ҳам яқиндан танишди, профессор-ўқитувчилар, талабалар билан дилдан суҳбатлашди. Олий ўқув юрти ва ЖСТ вакиллари томонидан биргаликда олиб борилаётган илмий изланишлар, амалий ҳамкорлик натижалари билан қизиқди.
Ғ.Хонназаров, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА