Атоқли олима, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Раъно Аҳатовна Убайдуллаева шу йил 11 декабрь куни 84 ёшида вафот этди.
Р.Убайдуллаева 1936 йилнинг 4 ноябрида Тошкент шаҳрида туғилди. 1958 йилда Тошкент молия-иқтисодиёт институтини тамомлади.
У ўз меҳнат фаолиятини Фанлар академиясининг Иқтисодиёт институтида лаборант сифатида бошлади, сўнг ушбу институт аспирантурасида таҳсил олди. 1964 йилда номзодлик, 1974 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 2000 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.
Истеъдодли олима ўзининг қарийб 60 йиллик илмий ва ташкилотчилик фаолияти давомида Фанлар академиясининг Иқтисодиёт институтида лаборант, катта илмий ходим, сектор мудири, илмий ишлар бўйича директор ўринбосари вазифаларида фаолият олиб борди. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазири ўринбосари, Республика “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори каби масъул лавозимларда ишлаб, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этди.
Академик Р.Убайдуллаева меҳнат ресурсларидан тўғри фойдаланиш, иш билан банд бўлмаган аҳоли резервларини ўрганиш, меҳнат бозорини баҳолаш, меҳнат ресурсларини режалаштириш ва бошқаришни такомиллаштириш каби иқтисодиётимиз тармоқлари ривожида муҳим аҳамиятга эга масалалар бўйича самарали илмий изланишлар олиб борди. Унинг илмий дастурлари ва тадқиқотлари республикамизда меҳнат ресурсларидан тўғри фойдаланиш, меҳнатнинг касаначилик турини ташкил этиш, аёллар меҳнатидан фойдаланишнинг ижтимоий муаммоларини ечишда кенг қўлланиб келмоқда.
Меҳнат иқтисодиёти йўналишига бағишланган 300 дан зиёд илмий мақолалари, китоб ва монографиялари юртимиз ва хорижий мамлакатларнинг илмий жамоатчилиги томонидан юқори баҳоланган.
У талабчан ва жонкуяр устоз сифатида 50 дан ортиқ фан номзодлари ва фан докторларини тайёрлади.
Академик Р.Убайдуллаеванинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан мукофотланган эди.
Таниқли олима, меҳрибон устоз, камтарин инсон Раъно Убайдуллаеванинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Т.Нарбаева, Н.Исмоилов,
А.Арипов, Б.Юлдашев