Мамлакатимиз енгил саноатининг экспорт салоҳияти юксалмоқда
«Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш ва ушбу йўналишдаги ўқув муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлашга бағишланган матбуот анжумани ўтказди.
«Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш ва ушбу йўналишдаги ўқув муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлашга бағишланган матбуот анжумани ўтказди.Унда акциядорлик жамиятининг етакчи мутахассислари, тармоқ корхоналари, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти вакиллари иштирок этди.
Мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида енгил саноат миллий иқтисодиётимизнинг жадал ривожланаётган тармоқларидан бирига айланди. Айни пайтда енгил саноат тизимида замонавий технологиялар ва ускуналар билан жиҳозланган 300 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлаш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, чет эл инвестициясини жалб этишга асосланган ривожланиш стратегияси рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
«Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамиятининг ишлаб чиқариш бош бошқармаси бошлиғи Ш.Султоновнинг таъкидлашича, тармоқ корхоналари бир йилда 490 минг тонна калава ип, 296 миллион квадрат метр мато, 96 минг тонна трикотаж полотноси, 271 миллион дона тикувчилик-трикотаж ва 71 миллион жуфт пайпоқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш имкониятига эга. Жорий йилнинг дастлабки уч ойида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоиз ошди.
Жорий йилнинг январь-март ойларида тармоқ корхоналари томонидан 18 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилиб, 178 турдаги енгил саноат товарлари – 3,1 миллион квадрат метр мато, 24 моделдаги 5,8 миллион дона тайёр тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.
Ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг ўсиши экспорт ҳажмининг кенгайиши билан боғлиқ. Бугунги кунда «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти корхоналари маҳсулотлари Европа, Осиё, Шимолий ва Жанубий Америкадаги 55 мамлакатга экспорт қилинмоқда. Жорий йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, экспорт қилинган маҳсулотлар миқдори 206,1 миллион долларга етди. Бу 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 6,2 фоиз кўпдир. Шу йилнинг охиригача тармоқда экспорт ҳажмини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилади.
Матбуот анжуманида мамлакатимиз енгил саноати ишлаб чиқариш салоҳиятини янада юксалтириш учун кенг имкониятларга эга экани таъкидланди. Юқори малакали кадрлар тайёрлаш дастури бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳар йили «Автоматлаштириш ва бошқарув», «Тўқимачилик саноати технологияси», «Пахта саноати технологияси», «Енгил ва матбаа саноати технологияси» каби йўналишларда 1000 дан ортиқ мутахассис тайёрламоқда.
– Жорий йилда битирувчиларни иш билан таъминлаш мақсадида олий ўқув юртимизда бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди, – дейди Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти проректори А.Ғуломов. – Унда тармоқнинг 50 га яқин корхонаси иштирок этди. «Uztex» компаниялар гуруҳи, «Rieter Uzbekistan» хорижий корхонаси, «Алким текстиль», «Нонна текстиль» каби корхоналар шулар жумласидандир.
Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти талабалари томонидан инновацион ғоя, технология ва лойиҳаларни ривожлантириш бўйича иш олиб борилаётгани эътиборга лойиқ. Жорий йилги инновацион ярмаркада институт талабалари бешта истиқболли ишланмани тақдим этди.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.