Мамировлар оиласи – кўрик-танлов ғолиби
Жорий йилнинг 13 май куни Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “Энергетиклар” ситаҳгоҳида “Оила – муқаддас даргоҳ” форуми ва “Янги Ўзбекистоннинг ибратли гидроэнергетиклар оиласи” кўрик-танлови бўлиб ўтди.
15 май – Халқаро оила куни муносабати билан “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган кўрик-танловда тизимдаги ташкилотлардан 14 оила аъзолари уч шарт бўйича ўз имкониятини синаб кўрди.


Таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлашга “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу кўрик-танловнинг ташкил этилиши ҳам бу борада белгиланган вазифалардан биридир.
–Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида жамиятимиз томонидан бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олинган,–деди “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг маънавий-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчиси Сурайё Пўлатова. – Жамиятнинг 2022 йил 15 февралдаги тегишли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида ушбу танлов ўтказилди.


Мақсад эса мамлакатимизда умуминсоний, миллий ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишда жамиятимиздаги ибратли оилаларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган. Уларнинг фарзанд тарбиясидаги масъулиятини янада ошириш, Ватанга муҳаббат, эзгулик, раҳмдиллик, ҳалоллик, меҳнатсеварлик ва фидойилик сингари халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашда бу каби тадбирлар муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, 15 май – Халқаро оила куни ҳам Ўзбекистонда ҳам кенг нишонлаш анънага айланмоқда. Бундан кўринадики, ибратли оилалар бутун дунёда қадрланади ва шарафланади. Танловда қатнашган 14 оила аъзоларининг барча шартларга пухта тайёргарлиги ҳайъат аъзолари томонидан юқори баҳоланди.


Якуний натижаларга кўра, биринчи ўрин "Шаҳрихон ГЭСлар каскади" унитар корхонасидан Мамировлар оиласига насиб этди. Иккинчи ва учинчи ўринларга "Андижон ГЭС" унитар корхонасидан Эргашевлар оиласи ва "Ўрта Чирчиқ ГЭСлар каскади" унитар корхонасидан Унаровлар оиласи сазовор бўлди.
Шунингдек, 6 та жамоа ўртасида ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйинида ғолибликни “Интеллект” жамоасига қўлга киритди. Ғолибларга жамият томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.


Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА