Малоҳат ишга йўлланма олди
Термизда ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркасида 93 ташкилот, корхона ва муассаса мингга яқин иш ўрни билан иштирок этди.
Термизда ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркасида 93 ташкилот, корхона ва муассаса мингга яқин иш ўрни билан иштирок этди.Термиз шаҳар бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ва шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бунда жойларда ўтказилаётган меҳнат ярмаркалари муҳим аҳамият касб этаётир.
Тиббиёт ва таълим муассасалари, корхона, қўшма корхона, хусусий тадбиркорлик субъектлари таклиф этган бўш иш ўринлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Малоҳат Ғаниева жорий йилда Термиз ахборот технологиялари ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежини тикувчилик йўналиши бўйича тамомлайди. Бошқа тенгдошлари қатори у ҳам ушбу тадбирда иштирок этиб, Термиз шаҳридаги “Камазул сайдил” масъулияти чекланган жамиятига ишга йўлланма олди.
– Ярмарка давомида хусусий корхона фаолияти билан яқиндан танишдим, – дейди Малоҳат Ғаниева. – Замонавий тикув дастгоҳлари билан жиҳозланган корхона фаолияти менга жуда ёқди. Коллежни тугатгач, шу корхонада иш бошлайман. Меҳнат фаолиятимда таълим муассасасида олган билим ва кўникмаларим иш беришига ишонаман, янги услуб ва дизайндаги либослар тикишни режалаштирганман.
Ярмаркада ўнлаб ёшлар ишга жойлашиш учун йўлланма олди.