Малина – шифобахш ва сердаромад ўсимлик (+видео)
Тошкент вилоятида 5 гектар майдонда резавор мевалар етиштириш билан шуғулланиб келаётган Баҳодир Ибрагимов бу соҳада ҳақиқий мактаб яратди. У 1 гектар ерга голубика, 2 гектарига малина, қолган майдонларда маймунжон, қулупнай етиштириб, 15 нафар шу атрофдаги ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлади. Бундан ташқари кўчатчиликда мавсумий ишчилар жалб қилинади. Асосийси бу борада мактаб яратган Баҳодир аканинг малина мевалари йирик, бозорбоп, ҳаттоки оқ рангдагилари ҳам бор.
- Ўзбекистонга малинани асосан Европадан, Америкадан олиб келтириб, шу ерда бизни иқлим-шароитимизга тўғри келадиган навларни ўрганамиз ва шулардан кўпайтириб, халқимизга берамиз, - дейди тадбиркор Баҳодир Ибрагимов. – Чунки, биздаги навлар ҳаттоки мени ёшим билан тенг ва ҳалиям Россиядан келтирилган навлар деҳқонларимизда кўп. Шунинг учун бу навларни ўзгартириш мақсадида хўжалигимиз асосан янги навларни четдан олиб келтириб, тарқатяпмиз.Чунки бу ўсимликларнинг меваси рақобатбардош, экспортбоп бўлиши керак...
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tZaoCcAN_tA" title="Malina – shifobash va serdaromad o‘simlik" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мазкур хўжалик Италиядан келтирилган қулупнайнинг янги навини маҳаллийлаштириб, кўчатчилигини йўлга қўйди. Хориждан келтирилган торфли тупроқ ўсимлик кўчати учун яхши озуқа ҳисобланади ва экилганидан сўнг яхши ривожланишига кўмаклашади.
Малина халқ тилида “хўжағат” деб ҳам аталади. Юртимиз томорқаларида, тоғли ҳудудларда кенг тарқалган қимматли резавор экин. Унинг меваси ажойиб мазаси ва хушбўй ҳиди билан ажралиб туради. Ушбу шифобахш ўсимлик мевалари тиббиётда терлатувчи ҳамда иситмани туширувчи восита сифатида қўлланилади.
Қадимда унинг қуритилган гулидан олинадиган дамламаси ҳаттоки илон ва чаён чаққанда қўлланилган. Малина меваси яра касалликлари, камқонлик, қон томирлари ўтказувчанлигининг бузилиши каби турли хасталикларда жуда фойдалидир. Антибиотикларга бой малина юқори нафас йўлларига антисептик таъсир кўрсатиши ҳамда шамоллашнинг олдини олиш хусусиятлари билан алоҳида ажралиб туради.
Малиначилик сердаромад тармоқ ва бугун республикамизнинг тоғли ҳудудларида кластерлар ташкил этиш, аҳолини ушбу ўсимликни парвариш қилишга ўргатиш ва томорқаларида етиштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Албатта соҳа ривожига эътибор ушбу шифобахш неъматнинг кўпайишига, таннархининг арзон бўлишига хизмат қилади.
Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА