Малика Гавҳаршодбегимнинг нефрит узуги қаерда сақланмоқда?
Ватанимиз тарихидаги 18 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1834 йил (бундан 191 йил олдин) – нақшбандия тариқати вакили Халифа Ҳусайн ибн Юсуф Бухорий вафот этди. Тарихчи Абдусаттор Жуманазарнинг қайд этишича, Халифа Ҳусайн Қавола дарвозаси ташқарисида, унинг жануби-ғарбий томонида жойлашган Шанба мозор номи билан аталадиган Хожа Зарпўш ва Хожа Намадпўш қабристонига дафн қилинган.
Асли туркистонлик бўлган Халифа Ҳусайн илм олиш мақсадида аввал Бухорога келади, бу ердаги устози вафотидан сўнг Самарқандга бориб таҳсил олади. У Самарқандда узоқ вақт яшайди. Самарқандда бир мадраса ва хонақоҳ қурдиради. Бухоро амири Ҳайдар замонида Бухорога келиб яшай бошлайди. Бу ерда кечган етти йиллик умри давомида мазкур гузарда ҳам 46 ҳужрадан иборат мадраса ва хонақоҳ бино қилдиради. Улар XX асрнинг иккинчи ярмида бутунлай бузиб юборилган.
1886 йил (бундан 139 йил олдин) – Самарқанд ирригацияси бўлимининг бошлиғи З.Жижемский Бухоро воҳасининг сув таъминотини яхшилаш тўгрисида махсус маъруза тайёрлаб, уни Самарқанд маъмуриятига йўллади. Рус ирригатори бу ёзма маърузасида қуйи Зарафшондаги сув муаммосини ҳал қилиш учун Амударёдан Бухорога сув чиқариш билан бир қаторда, Зарафшон дарёсидан Бухоро хонлигига ташланадиган ортиқча сувларни жамғариш ва вегетация даври (ўсимлик уруғининг униб чиқишидан бошлаб ҳосил йиғилгунгача бўлган зарурий давр)да улардан суғориш ишларида фойдаланиш ғоясини баён этган.
1913 йил (бундан 112 йил олдин) – кимёгар олим, Ўзбекистан Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби Малик Набиев таваллуд топди (вафоти 1992 йил).
1919 йил (бундан 106 йил олдин) – Самарқанд округ халқ суди ташкил топди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, шу йилнинг 1 августидан ягона халқ судларига ўтилиши муносабати билан вилоятда 55 та халқ суди ташкил этиш кўзда тутилган эди, бироқ улардан бор-йўғи 24 таси иш юритди.
Тарихчи Дилшод Комоловнинг ёзишича, қолган судлар мутахассис йўқлиги ёки маблағ етишмаслиги сабаб ташкил топмаган. Натижада, судьялик лавозимини собиқ адлия ходимлари эгаллаган. Яъни, рус судьяси этиб собиқ империя судьялари, мусулмон судьяси этиб эса қозилар сайланган.
1937 йил (бундан 88 йил олдин) – Марказий Қозоғистондаги Улуғтоғ ҳудудидан Амир Темурнинг Дашти Қипчоққа юриши даврида уйғур ёзувида туркий тилдаги битикли тош ўрнатган ёдгорлик минораси топилди. Мазкур битикли тошнинг оғирлиги 11 тонна 200 килограмм бўлиб, ҳозирда Санкт-Петербургдаги Эрмитаж музейида сақланмоқда.
Манбаларда қайд этилишича, 1391 йилда Дашти Қипчоққа отланган Амир Темур икки кеча-кундуз йўл юриб толиққан қўшинни Улуғтоғ (ҳозирги Қозоғистондаги Қарсақпай кони яқинидаги Олтин чўку номли тоғ) ёнбағрига ҳордиқ олиш учун туширади. Ўзи эса хослари ҳамроҳлигида тоғ бошига чиқиб, теварак-атрофга, ястаниб ётган даштга назар ташлайди ва бу ерда мазкур юриш ҳақида хотира қолдиришга қарор қилади. Фармони олийга кўра жангчилар атроф жавонибдан харсанг тошлар ташиб келиб, белгиланган жойга тўплайдилар. Уста тоштарошлар ишга тушиб, Соҳибқироннинг Тўхтамишхонга қарши қўшин тортиб, ушбу мавзега етганлиги тарихини тошга битадилар.
Туркийда нақш қилинган хотиранинг матни қуйидагича: “Тарих етти юз тўқсон учта, қўй йил ёзнинг ора ой Туроннинг султони Темурбек икки юз минг черик била ислом учун Тўхтамишхонни(нг) хониға йуриди. Бу ерга етиб, белгу бўлсун теб бу йўбани қўпарди. Тангри нисфат бергай, Иншаоллоҳ. Тангри эл кишига раҳмат қилгай, Бизни дуо била ёд қилғай”.
Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, Эрмитажда ушбу битиктошдан ташқари темурийлар даврига оид бошқа кўплаб ёдгорликлар ҳам сақланмоқда. Тарихчи Дилафрўз Қурбонованинг ёзишича, Амир Темурнинг ўғли Мироншоҳнинг номи ёзилган, хризолит тошидан ясалган узук-муҳр; Шоҳруҳнинг хотини, Улуғбекнинг онаси Гавҳаршодбегимдан бизгача сақланиб қолган ягона буюм – унинг нефритдан ясалган узук-муҳри, шунингдек, нефрит ва сердоликдан ясалган кўплаб муҳрлар ҳамда бошқа бир қатор ноёб буюмлар шулар жумласидан.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида «Ақлли шаҳар» технологияларини жорий этиш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Концепцияга кўра “ақлли транспорт”, “ақлли таълим”, “ақлли тиббиёт”, “ақлли энергитика тизими”, “ақлли қурилиш” “ақлли коммунал хўжалик”, “ақлли уй”, “ақлли ҳокимият”, “ақлли маҳалла” каби лойиҳалар “Ақлли шаҳар” технологияларини жорий этишнинг асосий йўналишлари сифатида белгиланди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Орол денгизининг суви қуриган тубида ва Оролбўйи ҳудудларида «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – миллий эстрада соҳасини янада ривожлантириш, эстрада йўналишида фаолият олиб бораётган хонандаларни қўллаб-қувватлаш, ёш истеъдодларни излаб топиш ва муносиб рағбатлантириш мақсадида Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада мукофоти таъсис этилди. Мазкур мукофот эстрада йўналишида ном қозонган ижодкорларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уларнинг асарларини ижро қилиш, шу асосда янги асарлар яратиш каби жараёнларда юқори натижаларга эришган ижодкорлар, шу жумладан, олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган ва фаолият юритаётган ёшларга танлов асосида берилади.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади