Малайзиядаги ватандошларимиз ҳам сайловда фаол
Мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси ҳузурида ташкил этилган 26-сайлов участкасида ҳам овоз бериш жараёни давом этяпти.
Куала-Лумпурдаги сайлов хориждаги дипломатик ваколатхоналаримиз ўртасида биринчилардан бўлиб – маҳаллий вақт билан эрталаб соат 8.00, Тошкент вақти билан соат 5.00 да давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланди.

Мазкур муҳим сиёсий жараёнда Малайзия олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар, шунингдек ушбу мамлакатда меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларимиз иштирок этмоқда.

Сайловда қатнашаётган ватандошларимиз, гарчи, олисда бўлсалар-да, юртимиз келажагига бефарқ эмасликларини, улар бераётган ҳар бир овоз Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнашига, ўзбек халқи фаровонлигини таъминлашга ҳисса бўлиб қўшишини фахр билан таъкидламоқда.

Элчихонада ташкил этилган сайлов участкаси мавжуд сиёсий партиялар дастурлари ва бошқа тегишли тарғибот материаллари билан жиҳозланган.

Қонунчиликка биноан, Малайзиядаги сайлов маҳаллий вақт билан соат 20.00 - Тошкент вақти билан 17.00 га қадар давом этади.
Ўткир Алимов, ЎзА