Малайзиянинг Коррупцияга қарши курашиш бўйича комиссияси веб-саҳифасида Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхоновнинг “Коррупцияга қарши курашиш соҳасида фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари ролининг кучайиши” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.
Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабарида маълум қилинган.
Унда қайд этилишича, давлатнинг гуллаб-яшнаши учун, аҳолининг фаровонлиги ва, умуман, давлат олдига қўйилган эзгу мақсадларга эришиш йўлида барча фуқаролар фаол бўлмоғи лозим. Ўзбекистон Президенти томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси, ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қарорларнинг амалга оширилишида фуқароларнинг фаол иштирок этиши, шубҳасиз, уларнинг самарадорлигини янада оширади.
Мақолада таъкидланганидек, бундай мақсадларга эришиш кўпгина омиллар қаторида давлат идоралари фаолиятининг шаффофлигига бевосита боғлиқдир. “Шаффофликсиз давлат органлари ва мансабдорларнинг жамият олдидаги ҳисобдорлиги таъминланиши ёки жамоатчилик назоратини амалга ошириш ғайри имкондир”, деб ёзади муаллиф.
Мақолада давлат идоралари фаолияти шаффофлигининг таъминланиши кўпгина омилларга боғлиқ эканлиги, сўнгги тўрт йил давомида бу борадаги вазият ўзгаргани ҳам алоҳида таъкидланган. Юқоридагилар билан бирга, коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига асослангани ҳам алоҳида қайд этилган.
М.Комилова, ЎзА