Малави вице-президенти ҳаво ҳалокатида вафот этди
Малави вице-президенти Саулос Чилима ва унга ҳамроҳ бўлиб учган 9 кишидан ҳеч ким омон қолмаган. Бу ҳақда “The Sun” газетаси Президент маъмуриятига таяниб ёзди.
– Вице-президент, ҳурматли доктор Саулос Клаус Чилимани олиб кетаётган самолёт бугун эрталаб Чикангава ўрмонидан топилди, – дейилган Президент маъмурияти матбуот хизмати хабарида. – Афсуски, ҳаво кемаси саҳнидаги инсонларнинг бари ҳаётдан кўз юмган.
Малави етакчиси Лазарус Чаквера бугундан бошлаб дафн маросимигача миллий мотам эълон қилди. Машъум ҳодисага дуч келган лайнерда собиқ биринчи хоним, 1994-2004 йиллари мамлакатга раҳбарлик қилган Бакили Мулузининг рафиқаси Патриси Шанил Мулузи ҳам бор эди.
Эслатиб ўтамиз, 10 июнь куни эрталаб пойтахт Лилонгведан ҳавога кўтарилган, маҳаллий вақт билан соат 10 да мамлакат шимолидаги Мзузу халқаро аэропортига қўнишни режалаштирган самолёт маълум муддатдан сўнг радардан ғойиб бўлган.
Чилима ва унинг ҳамроҳлари собиқ адлия вазири Ральф Касамбарани дафн этиш маросимига бораётган эди.