Айни кунларда мамлакатимиз халқ таълими тизимида олий ва биринчи тоифага талабгор педагоглар учун аттестациялар ўтказилмоқда.
Бу эса ўқитувчиларнинг билим ва салоҳиятини намоён қилиши учун катта имкониятдир. Тоифа тестларида энг юқори кўрсаткич 100 баллни ташкил этади. Бизни қувонтираётган нарса шуки, ўқитувчиларимиз орасида бу натижани қайд этаётганларнинг сафи кун сайин ошиб бормоқда.
ЎзА мухбири тоифа атестациясидан 100 баллик тизимдан 100 балл тўплаган олий тоифали ўқитувчиларнинг айримларидан интервьюлар олди.
Санжар Тоштемиров, Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги 1- мактаб (ҳозирги 1 ИДУМ) тарих фани ўқитувчиси:
–Педагогик фаолиятимда эришаётган натижаларимни унчалик юқори баҳоламайман. Ўқитувчи ўзи шундай бўлиши лозим. Чунки унга юзлаб ўқувчилар умид ва ишонч билдирган. Ўқитувчининг изланмаслиги, ўз устида ишламаслиги катта муаммо. Негаки, бугунги ўқувчи турли ресурслар орқали сизу биздан кўра кўпроқ янгиликни билади, воқеликлардан хабардор. Бундай ўқувчиларга саёз билим, эскича ёндашув билан таълим-тарбия бериб бўлмайди. Шу боис устоз улардан бир неча қадам олдинда юриши, билимли ва салоҳиятли бўлиши лозим. Мен шунга интиламан ва доим изланаман.
Сардор Самадов, Навоий шаҳридаги 11- айрим фанлар чуқур ўқитиладиган ихтисослаштирилган мактаб кимё фани ўқитувчиси:
– Ўқитувчининг маҳорати, билими ва дарс ўтиш маҳорати ўқувчи-шогирдларининг ютуқларида кўзга кўринади. Бугунги кунга қадар таҳсил бераётган ўқувчиларим юқори натижаларни кўрсатиб келишмоқда. Хусусан, кимё фанидан ташкил этилган олимпиадаларнинг туман ва шаҳар босқичларида ва вилоят босқичида 1-ўринни қўлга киритишди. Бундан ташқари, 2021 йилда 3 нафар ўқувчим халқаро олимпиада 3-саралаш босқичига ва 1 нафар ўқувчим республика олимпиадасига йўлланмаларни қўлга киритди. Малака тоифасида тушган саволлар қийин эмас. Барчаси дарсликдан олинган. Ўқитувчи ўз фанини чуқур ўзлаштирган бўлса, бу каби имтиҳонлардан муваффақиятли ўтади.
Зафар Жумаев, Навоий шаҳридаги Навоий-Қоракўл мактабининг математика фани ўқитувчиси:
– Математика фанига болаликдан меҳр қўйганман. 2001-2004 йилларда Қоракўл туманидаги ихтисослаштирилган иқтидорли болалар мактаб-интернатида ўқиб, 2004 йилда Греция давлатининг Афина шаҳрида математика фанидан бўлиб ўтган халқаро олимпиадада иштирок этиб, бронза медали соҳиби бўлганман. Бу ютуқларим натижасида Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультетига имтиҳонсиз қабул қилиндим. 2008 йилдан бери ўқувчиларга ўз билим ва кўникмаларимни ўргатиб келмоқдаман. 2020 йили Навоий шаҳрида очилган Навоий-Қоракўл мактабида иш фаолиятимни давом эттириб, ўқувчиларга математика фанининг сир-асрорларини ўргатиш асносида уларнинг юқори натижалар кўрсатишига кўмаклашмоқдаман.
Ёқубжон Ражабов, Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги 13- мактаб математика фани ўқитувчиси:
– Мактабда дарсдан ташқари вақтлари ўқувчиларга тўгарак дарсларини ҳам ташкил этганман. Битирувчи синфларни ОТМларга тайёрлаб, ҳар йили 80-90 фоиз мактаб битирувчиларининг ОТМларига киришига ўз ҳиссамни қўшмоқдаман. Ҳар куни ўз устимда ишлайман. Янги билим ўрганишдан тўхтамайман. Инсон қанча кўп изланса, ўқиб-ўрганса, мукаммалликка эришади. Тоифа тестларининг ташкил этилиши эса, ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаши, билимларини такрорлаб, бойитиб боришига замин яратади. Тоифа тестидан юқори натижага эришишим ўрганган билимларимнинг ҳосиласидир. Мақсадим мамлакатимиз ривожига ҳисса қўшадиган етук кадрларни тарбиялашдир.
Рашоджон Низомжонов, Бешариқ тумани 1-умумтаълим мактаби кимё фани ўқитувчиси:
– Кимё – сеҳрли фан. Негадир мени ўзига чорлайверади. Шунинг учун ҳам бу қизиқиш мени университет томон етаклади. Айни дамда бу фаннинг ўзига хос олами, сир-асрорларини ўқувчиларга ўргатиб келмоқдаман. Ўқувчиларнинг қизиқиши кучли бўлгани боис, турли хил мусобақалар, фан олимпиадаларида фаол қатнашиб муносиб ўринларни эгаллаб келишмоқда. 2020 йилда ташкил этилган аттестатция тестида иштирок этиб, 100 фоизлик натижага эришиб, 1 тоифани қўлга киритган эдим. 2021 йилда яна 100 фоизлик натижани қайд этиб олий тоифали ўқитувчи номига сазовор
бўлдим. Мен ўз касбимни севаман. Ўқитувчи бўлганимдан фахрланаман.
Ўқитувчи – илм- зиё улашувчи. Шунинг учун ҳам эл-юртга маърифат улашиб, маънавият чашмасидан баҳраманд этган ўқитувчилар доимо одамлар иззат-икромида. Бу касбнинг обрў-эътибори, шарафи билан бир қаторда уларга юкланган масъулияти ҳам улкандир.
Бугунги кун ўқитувчисидан талаб этилаётган асосий нарса ўтаётган дарсининг сифатини таъминлашдир. Бундай қийин ишни муваффақият билан уддалаётган юқоридаги таълим фидойиларини ҳақли равишда замонамиз қаҳрамонлари, дегим келади.
Файзулло Яҳёев,
ЎзА