Халқ таълими вазирининг топшириғига асосан Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти директори томонидан Тошкент вилояти малака ошириш ҳудудий маркази фаолияти ўрганилди.
Тадбир давомида ҳудудий марказнинг моддий техник базасини яхшилаш ва таълим сифатини оширишга қаратилган тавсиялар берилди.
А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти директори А.Раджиев илмий-тадқиқот фаолиятини кучайтириш, малака ошириш тизимини тубдан янгилаш бўйича Президентимиз томонидан жорий йил 25 январда қабул қилинган “Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини амалиётга жорий этиш юзасидан вилоятларда ўрганишлар олиб бормоқда.
Малака ошириш ҳудудий марказлари фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, тизимни такомиллаштириш, контентлар мазмунини бутунлай янгилаш малака ошириш соҳасини янги тартибда жорий этишда чора тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар бериб келмоқда. Мазкур ўрганишлар Тошкент вилоятида давом этди.
Вилоятнинг ҳудудий малака ошириш маркази фаолияти, ўқув курслари контент мазмунининг янгиланганлиги, яратилган шарт-шароитлар ўрганилди. Марказнинг кафедра мудирлари ва бўлим бошлиқлари иштирокида учрашув ўтказилди.

Учрашувда малака ошириш тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича бугунги кунгача амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар ҳақида сўз борди. Камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Тошкент вилояти малака ошириш худудий марказида республика ва халқаро миқëсида халқ таълими тизими ходимлари учун турли тадбирлар, учрашувлар конференциялар ва семинар-тренинглар ўтказиш учун шароит яратилиши бўйича таклифлар билдирилди.
Шунингдек, амалиётга жорий этилаётган «Узлуксиз касбий таълим» махсус электрон платформаси фаолиятини юритиш, малака ошириш ташкилотлари билан биргаликда қайта тайёрлаш, малака ошириш курслари ўқув модуллари контентини марказлаштирилган тарзда ишлаб чиқиш ва платформага киритиш бўйича вазифалар белгиланди.
Б.Мелиқулова, ЎзА