Андижонда вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари учун малака ошириш курслари ташкил этилмоқда.
Давлат бошқаруви соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги ишларни янги сифат босқичига олиб чиқиш бугунги кундаги энг муҳим вазифалардан бири. Бунинг учун кадрларни танлашда очиқ ва ошкора танлов тизимини жорий этиш зарур. Давлатимиз раҳбари бу борада қатор вазифаларни белгилаб берган эди. Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, давлат фуқаролик хизматини, шу жумладан, давлат идораларидаги лавозимларга номзодларни танлашда очиқ, мустақил танлов орқали саралаб олиш жараёнини комплекс ҳуқуқий тартибга солишни таъминловчи механизм амалиётга татбиқ этилди.
Ана шу йўналишдаги ишлар доирасида Андижон вилояти ҳокимлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Андижон вилояти филиали ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида босқичма-босқич ўтказилаётган ўқув курсларида давлат идоралари ходимлари ўқиб, малака ва тажриба оширмоқда.
Ўтказилган навбатдаги ўқув курсида давлат органлари ва ташкилотлари кадрлар бўлими масъул ходимлари иштирок этиб, давлат ташкилотларида лавозимлар бўйича танлов, давлат хизматида иш бошлаган шахснинг мослашуви ва лавозим поғоналарига кўтарилиши асослари, 2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурининг мазмун-моҳияти, шунингдек, стрессга бардошлиликни шакллантириш бўйича билимлар олди.
– Малака ошириш курси машғулотларида ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш, қолаверса, 2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурининг мазмун-моҳияти ҳақида кенг маълумотларга эга бўлдик, – дейди Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси Кадрлар, ҳужжатлар ва мурожаатлар билан ишлаш сектори бошлиғи Паризодхон Эргашева. – Ўрганганларимиз, албатта келгуси фаолиятимизни янада самарали олиб боришда ёрдам беради.
Курсни муваффақиятли тамомлаганларга махсус сертификатлар берилади.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА