Мактабни мактаб қиладиган куч – ўқитувчидир
Кейинги йилларда ана шу муаммоларни самарали ҳал этиш, кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича мамлакатимизда улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлаб юртимизда инновацион ва креатив фикрлайдиган замонавий кадрларни тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш ва шу мақсадда таълим тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Дарҳақиқат, жаҳондаги ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан – боғча, мактаб, тарбия масалаларидан бошланганини кўрамиз. Чунки мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Таълим ва тарбиянинг асоси, пойдевори бу – мактаб. Мактабни мактаб қиладиган куч эса ўқитувчилардир.
Маълумки, мураккаб ўтиш йилларида мактаблардаги маънавий-маърифий муҳит, ўқитувчи касбининг обрўйи, нуфузи пасайиб кетгани, янги давр педагогларини тарбиялаш, педагогика фанини ривожлантириш, инновацион таълим технологияларини жорий этишга етарли эътибор берилмагани соҳада бир қатор жиддий муаммоларни келтириб чиқарди.
Кейинги йилларда ана шу муаммоларни самарали ҳал этиш, кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича мамлакатимизда улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз томонидан халқ таълими тизимига оид 6 та фармон ва қарор, Вазирлар Маҳкамасининг 21 та қарори қабул қилиниб, бу соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари мустаҳкамланди.

Ота-оналар, жамоатчиликнинг истаклари инобатга олиниб, юртимизда 11 йиллик мактаб таълими тизими тикланди. Улуғ алломаларимиз – Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Хоразмий номидаги иқтидорли болалар мактаблари, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Исҳоқхон Ибрат, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева номлари билан аталган ижод мактаблари, “Темурбеклар мактаби”, Президент мактаблари, хусусий мактаблар сингари янги ва замонавий намунадаги таълим даргоҳлари ташкил этилгани юртимиз фарзандлари учун таълим-тарбия олиш борасида янги имкониятлар очиб бермоқда.
Педагог ходимлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда. Охирги 3 йилда ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўртача 2,5 баробар оширилди. Узоқ туманларга бориб ишлаётган педагог кадрлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича аниқ мезонлар белгиланди. Уларга 50 фоизгача қўшимча ойлик устамалар тўланмоқда. Нафақа ёшида фаолиятини давом эттираётган ўқитувчиларга пенсия тўлиқ миқдорда берилмоқда.
Президентимизнинг “Ҳурматли муаллимларимиз, жонкуяр мактаб директорларини, соҳа фахрийларини эл-юртимизнинг таянчи ва суянчи, деб биламиз. Мактаблар тизимини ривожлантириш учун бундан буён ҳам маблағни, имкониятни асло аямаймиз. Келажак авлодимиз тақдири, бутун миллатимиз, халқимиз, давлатимиз тақдири муҳтарам муаллимларга боғлиқ” деган сўзлари биз, ўқитувчи ва муаллимлар меҳнатига берилган юксак баҳо бўлиши баробарида, зиммамизга улкан масъулият ҳам юклайди.
Тўғрисини айтганда, таълим-тарбия соҳасида замонавий ва оқилона тизим яратиш, ўқитиш методлари, таълим стандартлари, дарслик ва ўқув қўлланмаларини янгилаш, билим беришда илғор хорижий тажрибалардан фойдаланиш, тарбияда эса миллий анъана ва қадриятларга суяниш вақти келди.
Мактаблардаги камчиликларни тузатиш, таълим сифатини назорат қилиш учун ота-оналар, кенг жамоатчиликнинг иштирокини янада ошириш эарур. “Мактаб – бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи. Уни биргина ўқитувчини ўзи ҳал этолмайди. Бу бутун жамиятимизнинг ишидир. Бу борада барча биргаликда, ҳамжиҳатликда ишласа мақсадга мувофиқ бўлади.

Таълим соҳаси, жумладан, мактаблардаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Бухоро вилоятидаги умумтаълим мактабларида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.
Бухоро шаҳридаги 28-умумтаълим мактабида 800 нафардан зиёд ўқувчига 70 нафар ўқитувчи таълим беради. Улар таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан келиб чиққан ҳолда дарс жараёнига замонавий технологиялардан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бундан ташқари, оиладаги таълим-тарбия муҳити, ота-оналарнинг масъулияти ва ўқитувчилар билан ҳамкорлиги доимий эътиборда.
Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган тaълимдаги туб ислоҳотлар ўқитувчи ва мураббийлар зиммасидаги масъулиятни янада оширмоқда. Бугун ўкитувчи ахборот коммуникация воситаларидан самарали фойдалана олиши, замонавий усуллар воситасида дарс ўтиши, тадбирларни юкори савияда ташкил этиши, ўкувчиларнинг китобхонликка бўлган қизиқишини янада ошириши каби талабларга жавоб бера олиши зарур.

Бизнинг умумтаълим мактабимизда ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилаётир. Жумладан, жонкуяр, фидойи ўқитувчиларимиз томонидан таълим тизимидаги янгиликлар, жумладан, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус асосида турли танлов ва очиқ дарслар ўтказилмоқда. Бу ўқувчилар билим кўникмасини янада оширишга хизмат қилаётир.
Нигора НАСУЛЛАЕВА,
Бухоро шаҳридаги
28 - умумтаълим мактаби директори