Мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати қандай?
Ҳар бир инсоннинг ҳаётида умумий ўрта таълим муҳим ва ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Мактабда олган билимларимиз, таълим-тарбиямиз бутун ҳаёт йўлимизни ёритишга хизмат қилади. Шу боис ҳам таълим тизими доимо алоҳида эътиборда бўлиб келади.
Бугунги кунда мамлакатимизда таълим тизимини замон талаблари асосида модернизация қилиш, мактаб ўқувчиларининг билими ва кўникмаларини шакллантириш, дарсликлар, ўқув методик қўлланмаларни замон талаблари асосида такомиллаштиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, илғор халқаро тажрибалар асосида ишлаб чиқилган Миллий ўқув дастурини мактаб таълимига тўлақонли жорий этиш доирасида 296 номдаги янги замон дарслиги, шу жумладан, 189 та дарслик, 50 та машқ дафтари, 57 та методик қўлланма ва дарсликнинг мобил иловалари яратилди.

Ушбу янги замон дарсликларини ишлаб чиқишда ЮНИСEФ ташкилоти, Cambridge University Press ва Oxford University Press нашриёт уйлари ҳамда Буюк Британия, АҚШ, Германия, Финляндия, Россия, Жанубий Корея каби давлатларнинг 21 нафар халқаро эксперти жалб қилинган.
Бугунги кунда халқ таълими тизимидаги 10 мингдан ортиқ умумтаълим мактабида 6,2 миллион ўқувчига 500 минг нафардан ортиқ ўқитувчилар таълим бериб келмоқда. Уларнинг билим ва касбий маҳоратини оширишга қаратилган ишлар натижасида тоифага эга ўқитувчилар сони 220 минг 110 нафардан 302 минг 995 нафарга етди.
Аҳолига қулайликлар яратиш, ортиқча оворагарчиликлар ва коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида 1-синфга қабул жараёнлари электрон дастур орқали (my.maktab.uz) амалга оширилмоқда. 2022/2023 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 1-синфига 707 минг 146 нафар ўқувчини қабул қилиш режалаштирилган бўлиб, 2022 йил 11 август ҳолатига 649 минг 817 нафар ўқувчи қабул қилинган.
Жорий йилда халқ таълими тизимида давлат дастурлари асосида 788 та, «Очиқ бюджет» платформаси орқали 873 та умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, умумий ўрта таълим муассасасидаги ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари расмий веб-сайт ҳамда “my.maktab.uz” ахборот тизимига жойлаштирилди. Умумтаълим мактабларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепцияси ишлаб чиқилди.

Ушбу маълумотлар куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида айтиб ўтилди. Унда Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидовнинг «Умумий ўрта таълим муассасаларида янги ўқув йилига тайёргарлик ишларини сифатли ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти эшитилар экан, депутатлар умумий ўрта таълим муассасаларининг янги ўқув йилига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш, умумий ўрта таълим муассасаларини янги авлод дарсликлари ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш ишларини якунига етказиш бўйича қатор таклифлар берди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА