Кадастр ходимлари томонидан 2022 йилда Қашқадарёдаги мавжуд ер майдонларининг 2,5 миллион гектари Uz kad тизимига киритилиб, электрон харитаси яратилган эди. Жорий йилда Қашқадарёдаги мактабларнинг кадастр маълумотларини Uz kad тизимига киритиш белгиланган.
– Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси томонидан Қашқадарё вилоятидаги мактабларнинг мавжуд кадастр маълумотларини мазкур тизимга киритиш ишлари бошлаб юборилди, – дейди Бошқарманинг масъул ходими Намоз Чориев. Бугунги кунда вилоятда 1 минг 600 дан зиёд умумтаълим мактаби мавжуд. Uz kad тизимида мазкур мактабларнинг жойлашган манзиллари, ер майдони, мактабдаги бинолар сони, ер фонди тоифаси, кадастр рақами ва шу каби бошқа муҳим маълумотлари жойлаштирилади. Кадастр ходимлари томонидан ижтимоий соҳа объектларини Uz kad тизимига киритилиши натижасида мазкур объектларнинг электрон базаси яратилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА.