Мактабларга ўзбек адабиёти тўпламлари совға қилинди
"Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши томонидан “Миллий тикланиш жавони” лойиҳасига старт берилди. Ўзбек тили ва миллий адабиётини кенг тарғиб қилиш мақсадида ўтказилаётган ушбу акция доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда партия фаоллари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 20 га яқин мактабларга жами 2 мингдан ортиқ ўзбек тилидаги ўқув ва бадиий адабиётларни тақдим этиш режалаштирилган.
Акциянинг биринчи босқичида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги қозоқ ва корейс, Паркент туманидаги қирғиз ҳамда Оққўрғон туманидаги туркман тилига ихтисослашган мактабларга бадиий китоблар тўплами топширилди. Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Миробод ва Яккасарой туманларидаги рус тилига ихтисослашган мактабларга ҳам ўзбек миллий адабиёти тўпламлари совға қилинди.
Акция давомидаги учрашувларда партия фаоллари таъкидланганидек, Ўзбекистонда китобхонликни кенг тарғиб қилиш, ёшлар орасида мутолаа маданиятини ривожлантириш орқали уларнинг таълим-тарбиясини мустаҳкамлаш, маънавиятини бойитиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, партия томонидан ҳам ўзбек миллий адабиётини кенг тарғиб қилиш борасида кўплаб лойиҳалар йўлга қўйилмоқда. Зеро, китобхонлик инсонларни эзгуликка, яхшиликка етаклайди, маънавиятини юксалтиради.
Мактабларда ўтказилган дастлабки акция доирасида ўзбек миллий адабиёти тарғиботида фаоллик кўрсатган ўқитувчи ва ўқувчиларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди.
М.Комилова, ЎзА