Маълумки, жорий йилнинг 5 февраль куни давлатимиз раҳбари бошчилигида таълим, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш, маданият ва спорт соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида таълим йўналишига оид бир қатор вазифа ва топшириқлар берилди.
Мактабгача таълим агентлиги томонидан ташкил этилган Ишчи гуруҳлар республика бўйлаб мактабгача таълим ташкилотларида гуруҳ хоналарининг жиҳозланиши, фаоллик марказларида болалар мустақил фаолияти учун яратилган шароитлар, кўргазмали ва тарқатма материаллардан кенг фойдаланиш, қўшимча пуллик хизмат ташкил этиш каби устувор вазифаларнинг амалга оширилишини ўрганмоқда.
АОКАда ташкил этилган брифингда Мактабгача таълим агентлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаеванинг маълум қилишича, республикадаги 42 та туман ва шаҳарда болаларни қамраб олиш кўрсаткичи 4 фоизга камайгани аниқланган. Ушбу ҳолатларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида масъулиятсизликка йўл қўйган масъулларга тегишли тартибда чора кўрилди. Қуйи тизимдаги мавжуд муаммолар яқиндан ўрганилди, жойида ҳал этиш учун ота-оналарга мактабгача таълимнинг афзалликлари тушунтирилди ва натижада қамров даражаси пасайган ҳудудлар 61 тадан, 42 тага камайтирилди.
Қайд этилишича, аксарият ҳудудларда ўтган 2023 йил давомида янги мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилиб, республика бўйича 74 фоизга қамров кўрсатгичи ортганига қарамасдан, 6-7 ёшли болалар мактабга чиқиб кетгандан сўнг уларнинг ўрнини тўлдириш, яратилган янги қувватларга болаларни қабул қилиш, мавжуд бўш ўринлардан самарали фойдаланишда мақсадли ишлар амалга оширилмаган.
Хусусан, болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш Қорақалпоғистон Республикасининг 9 та туманида 4 минг 213 нафарга, Андижон вилоятининг 4 та туманида 2 минг 761 нафарга, Жиззах вилоятининг 7 та туманида 1 минг 478 нафарга, Навоий вилоятининг 1 та туманида 42 нафарга, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида 2,6 фоизга, Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида 2,4 фоизга, Тошкент вилоятининг Чиноз туманида 0,3 фоизга, Фарғона вилоятининг 11 та туманида 10 минг 427 нафарга, Хоразм вилоятининг 4 та туманида 1 минг 269 нафарга, Тошкент шаҳрининг 3 та туманида 521 нафарга пасайган.
Шунингдек, кўрсаткичларнинг пасайиб кетиш сабаблари ўрганилди. Унда аниқланишича, ҳудудий бошқармалар ва уларнинг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимига сохта маълумотлар киритилиб, болалар сонини сунъий равишда ошириш ҳолатлари кузатилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА