Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини самарали ташкил этиш, мактабгача таълим муассасалари сонини ошириш ва уларга болалар қамровини кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ҳам бир қатор вазифалар белгиланган. Соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида бугунги кунда юртимизда 6 минг 598 та давлат, 833 та хусусий, 1 минг 313 та давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида, 20 минг 676 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритмоқда. Мактабгача (3-7 ёш) ёшдаги 2,9 миллион болалардан 2,1 миллиони мактабгача таълимга қамраб олинган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси йиғилишида айтиб ўтилди. Унда мактабгача таълимда қамровни ошириш, янги боғча ўринларини яратиш, боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим-тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги Андижон, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.
Йиғилишда Мактабгача таълим агентлиги вакиллари қайд этганидек, 2023-2027 йилларда Инвестиция давлат дастури доирасида 295 та 49 минг 140 ўринли янги МТТ қуриш, 77 минг 180 ўринли 711 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида реконструкция ишларини амалга ошириш, 69 та давлат-хусусий шериклик асосида, шунингдек, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда 49 та мобил гуруҳлар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу орқали болаларни қамраб олиш кўрсаткичини 2027 йил якунига қадар 80 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Йиғилишда Андижон, Самарқанд ва Хоразм вилоятларидаги ўрганишлар натижалари вилоят мутасаддиларининг онлайн иштирокида кенг муҳокама қилинди.
– Андижон, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш кўрсаткичлари ўрганилиб, таҳлил этилди, – деди қўмита аъзоси Ойдин Абдуллаева. – Андижон вилоятида 547 та давлат, 19 та хусусий, 203 та ДХШ асосидаги, 2 минг 239 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд. Уларга мактабгача ёшдаги қарийб 276 ярим мингга яқин болалардан 225 мингга яқини (81,4 фоизи) қамраб олинган. Шунингдек, вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлмаган ҳамда қамров кўрсаткичлари паст бўлган 5 та туманнинг 11 та маҳалла фуқаролар йиғинида “Ақлвой” лойиҳаси доирасида 480 дан ортиқ болаларни қамраб оладиган қайта жиҳозланган 5 та автобус негизида 30 та мобил гуруҳ ташкил этилиб, 27 та янги иш ўринлари яратилган.
[gallery-12202]
Самарқанд вилоятида эса 735 та давлат, 68 та хусусий, 127 та ДХШ асосидаги, 2 минг 705 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлиб, мактабгача ёшдаги 357 мингга яқин боладан 242 ярим мингга яқини (68 фоизи) қамраб олинган. Хоразм вилоятида мактабгача ёшдаги 154 мингга яқин боладан 121 мингдан ортиғи (78,8 фоизи) МТТга қамраб олинган. Уларнинг 77 мингдан зиёди давлат, 11 мингга яқини давлат-хусусий шериклик асосидаги, 32,5 мингдан ортиғи оилавий, 488 нафари нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қатнамоқда.
Муҳокамаларда ҳар учала вилоят вакилларининг соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлари тингланди. Вакилларнинг айтишича, МТТ раҳбарлари ва педагог-тарбиячиларнинг малакасини ошириш ишларини пойтахтда эмас, ўз вилоятларида ташкил этиш лозим. Бу ортиқча оворагарчилик ва харажатларнинг олдини олади. Соҳада олий маълумотли кадрларни кўпайтириш мақсадида педагогика олийгоҳларида квоталарни ошириш лозим. Ҳозирда 174 мингдан ортиқ педагог-тарбиячининг 34 фоизи олий маълумотли ҳисобланади.
Шунингдек, янги МТТларни қуриш, хусусий боғчаларни ташкил этиш борасида ҳам фикрлар билдирилди. Агентлик мутасаддиларининг айтишича, 829 та маҳаллада МТТ мавжуд эмас. Дастур ва ҳужжатларда кўзда тутилган МТТларни ташкил этишда биринчи навбатда, мана шу маҳаллаларда барпо этиш режалаштирилгани таъкидланди.
Депутатлар ўрганишлар давомида аниқланган муаммо ва камчиликлар юзасидан мутасаддиларга саволлар билан юзланди. Шунингдек, бир қатор таклиф-тавсиялар берилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА