Бухоро шаҳридаги 43-умумтаълим мактаби 2020 йилда янги мактаб сифатида фаолиятини бошлаган эди. 2022-2023 ўқув йилида 1067 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олди. Педагогик жамоа 74 нафар ғайратли, ўз касбига садоқатли, ташаббускор ва шижоатли ёш ўқитувчилардан таркиб топган.
– Бугунги кун ўқитувчидан ўз устида тинимсиз изланишни, давр билан ҳамқадам бўлишни, ўқувчиларни ўз ортидан эргаштира оладиган юқори билим ва салоҳиятга эга маҳоратли муаллим бўлишни талаб этади, – дейди Бухоро шаҳридаги 43-умумтаълим мактаби директори Гулнора Бердиева.
– Жамоамиз ўқитувчилари ана шу талабни чуқур англаган ҳолда фаолият олиб бормоқда. Айни пайтда уларнинг 60 фоизи олий ва биринчи малака тоифасига эга. Халқаро ва миллий сертификатга эга ўқитувчиларимиз сони 21 нафарни ташкил этмоқда. Ўқувчиларимизнинг ҳам натижалари шунга муносиб тарзда йилдан йилга ошиб бормоқда. Иқтидорли ўқувчиларимиз ҳар йили фан олимпиадаларининг шаҳар ҳамда вилоят босқичларида фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритмоқда. Ўтган ўқув йилида “Яшил чироқ” танловининг вилоят босқичида мактабимизнинг “Ёш посбонлар” жамоаси ғолибликни қўлга киритиб, республика босқичида иштирок этди. Лекин бу ютуқлар биз кўзлаган марра эмас. Замонавий лойиҳа асосида барпо этилган 630 ўринли мактабимизда ўқувчиларга чуқур билим бериш, уларнинг ўзлаштириш кўрсаткичларини янада ошириш, иқтидорларини юзага чиқариш имкониятлари жуда кенг. Айниқса, ўқувчиларга иккита хорижий тил ва касб-ҳунар ўргатиш борасида қулай шарт-шароитлар яратилган. Мазкур йўналишда ўтган ўқув йилида ошпазлик, тикувчилик, миллий қўғирчоқлар ясаш, карвин санъати, робототехника, аёллар ва эркаклар сартароши, мунчоқли безаклар, совундан гуллар ясаш каби 10 дан ортиқ тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди. Тўгаракларга 200 нафарга яқин ўқувчи жалб қилинди. Эътиборли томони тўгаракларда касб-ҳунар сирларини ўрганаётган ўқувчиларнинг аксарияти бу йўналишда қўшимча даромад ҳам топмоқда. Янги ўқув йилида биз бу йўналишдаги ишларни янада кенгайтириб, ўқувчиларимизга мактабдан иккита хорижий тил ва бир ҳунар ўрганган ҳолда мустақил ҳаётга қадам қўйишларига эришишни мақсад қилганмиз. Айни пайтда мактабимиз янги ўқув йилига шай ҳолатда ўқувчиларни кутмоқда. Бу йил 1-синфларимизга 140 нафар жажжи болажонлар қабул қилинди. Билимлар кунида уларнинг барчасига “Президент совғалари” топширилади.
Зариф Комилов,
ЎзА