Мактаб, ўқувчи тақдири – миллат тақдири демакдир
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида айтган гаплари барча ўқитувчи-педагогларнинг қалбидаги, дилидаги гаплар бўлди.
Муносабат
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида айтган гаплари барча ўқитувчи-педагогларнинг қалбидаги, дилидаги гаплар бўлди.
Видеоселектор йиғилишида йиғлаб ўтирдим. Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир сўзлари марҳум отам Йўлдош Ашуровни қайта-қайта эслатаверди.
Отам мактабимизда 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида директор бўлиб фаолият юритди. Айни вақтда отамнинг ишини давом эттираяпман. Айнан отам раҳбарлик қилган мактабда Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева камол топган.
Ҳали-ҳали ёдимда, отам директор бўлсаларда, онам билан мактаб полларини ювганларини ўзим кўрганман, чунки барча фаррошлар, қорвулу ўқитувчию ўқувчиларгача ёппасига пахта теримига олиб кетилар эди. Бир гал “Нормани бажармадинг!”, дея отамни бир кун қамаб ҳам қўйганлари ҳам ҳамон эсимда.
Қани энди, отажоним ҳозир ҳаёт бўлсалар-у, бугунги ўқитувчи, мактаб, ёшлар таълим-тарбиясига бўлган эътиборни, устоз-муаллимга қаратилаётган ҳурматни бу қадар улуғланганини ўз кўзи билан кўрса, шундай ажойиб шароитда яна ишласа, деган фикр, селектор давомида мени тарк этмади.
Бу оддий йиғилиш эмас, балки миллатга, халққа Мурожаат бўлди. Мамлакат ривожи, миллат тақдирининг таянч нуқтаси мактаб экани яна бир бор кўрсатиб ўтилди.
Президентимизнинг жорий йил 29 апрелдаги фармонига мувофиқ, халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Унда 48 та мақсадли кўрсаткичга эришиш бўйича аниқ механизмлар белгиланди. Масалан, 2030 йилга бориб ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича PISA халқаро дастури рейтингида Ўзбекистоннинг жаҳондаги етакчи 30 та мамлакат қаторидан жой эгаллаши мақсад қилиб қўйилган.
Давлатимиз раҳбари ўқитувчининг мақоми ва нуфузини ошириш, ҳуқуқлари ва имтиёзларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Бу бежиз эмас, чунки 2030 йилда Ўзбекистонни энг ривожланган 50 та давлат қаторига киритиш мақсад қилиб қўйилган. Ўша даврда бугун мактаб партасида ўтирган ўқувчиларимиз мамлакат, давлат, жамиятга хизмат қиладиган баркамол авлод бўлиб камол топади, демак, мамлакат тақдири, келажаги бугун мактабда ҳал бўлаяпти.
Янги ўқув йили олдидан ўтказилган туман педагогларининг август анжуманида ишни нимадан бошлаймиз, нималарни амалга оширамиз, деган саволларга жавоб изладик ва янги ўқув йили учун “Таълимда ислоҳотлар: Ўзгаришни ўзимиздан бошлаймиз!”, деган шиорни қабул қилдик. Барча дарсларимиз “Очиқ дарс”, деб эълон қилиниб, конспектсиз келган ўқитувчи дарсга қўйилмайдиган бўлди. Ўқитувчиларнинг салоҳияти, уларнинг ўз устида ишлаши доимо рағбатлантириладиган бўлди.
Президентимиз таъкидлаганидек, “...Келажак авлодимиз тақдири, бутун миллатимиз, халқимиз, давлатимиз тақдири муҳтарам муаллимларга боғлиқ”, Дарҳақиқат, ўқитувчи ўзгармаса, таълим сифати ўзгармайди.
“Энг яхши ўқитувчи”, “Ижодкор ўқитувчи”, “Китобхон ўқитувчи” каби танловлар, спорт мусобақалари, “Заковат” интеллектуал ўйинлари ташкил қилишга, “Ой ўқитувчиси” танловини ўтказишга келишиб олдик, энг яхши ўқитувчиларимиз ҳақида “Сирдарёлик фидойи муаллимлар” китоби чоп этишга қарор қилинди.
Фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрнини таъминлаш учун тизимли ишлар режаси тузилди, жума куни “Мактаб куни” деб эълон қилиниб, дарсдан 1 соат олдин ота-оналар учун “Маърифат сабоқлари”ни ўтказиш, уларни ўз фарзандлари билан ёнма-ён ўтириб дарс тинглашига имконият яратиладиган бўлди.
Бошланадиган ўқув йили барчамиз учун синов эканлигини англаб турибмиз. Ўз фаолиятимиз билан мактаб таълимини ривожлантиришни умуммиллий ҳаракатга айланишига ҳисса қўшишимиз ҳам қарз, ҳам фарз демакдир.
Видео селектор йиғилишида Давлатимиз раҳбари “Моддий ва маънавий ҳаётни уйғун ривожлантиришимиз керак. Мактаб бу борада асосий бўғин бўлиши лозим. Мактаб таълимини ривожлантириш биз учун буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиши зарур”, дея таъкидлади. Чунки мактаб тақдири – миллат тақдиридир, миллатимиз тақдирига бефарқ бўлишга ҳеч бир ўқитувчининг, ҳеч бир Ўзбекистон фуқаросининг ҳаққи йўқ.
Нигора АШУРОВА,
Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги
8-умумтаълим мактаби директори