Ҳуқуқий муносабат
Фарзанди мактабга борадиган ҳар бир ота-онага турли пул йиғимлари масаласи жуда яхши таниш. Давлат мактабларида бепул таълим олиш конституциявий ҳуқуқ ҳисобланадиган бир пайтда, таъмирлаш ёки бошқа кўрсатилган важлар учун пул йиғимлари йиғиш мумкинми?
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу бўйича қуйидагича тушунтириш берди:
–“Умумий ўрта таълим муассасасининг кузатув кенгаши ҳақида”ги намунавий низомнинг 31-бандига кўра, таълим муассасасида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналаридан турли хил сабаблар билан Кенгаш аъзолари, таълим муассасаси раҳбари ва бошқа ходимлари томонидан пул маблағларини йиғиш қатъиян тақиқланади.
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган “Умумтаълим мактаби тўғрисида”ги низомига кўра, давлат умумтаълим муассасалари фаолиятини молиялаштириш қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан, умумтаълим муассасасининг тадбиркорлик фаолиятидан, қонунчиликда тақиқланмаган шартнома асосида пулли хизмат кўрсатиш, бино ва иншоотларни, жиҳоз ва анжомларни ижарага беришдан олинган даромадлардан ҳисобланади.
Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун билан тақиқланмаган ҳомийлик хайриялари, маҳаллий ҳамда халқаро ташкилотларнинг грантлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан ҳам амалга оширилади.
Демак, мактабларда ремонт учун пул йиғиш тақиқланади.
Лекин жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун билан тақиқланмаган ҳомийлик ва хайриялари бундан мустасно. Эслатиб ўтамиз, ҳомийлик ва хайрия ихтиёрий бўлиши лозим.
Гулноза Бобоева,
ЎзА