Мактаб таълимида ўзгаришлар даври бошланди
Мактаб таълими тизимида “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади”, деган эзгу ғоя асосида улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса, ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, уларнинг меҳнатини қадрлаш ва муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўқитувчиларга улкан имкониятлар яратилди. Қатор имтиёзлар берилди, хизмат доирасига кирмайдиган барча юмушлардан озод қилинди. Янада аҳамиятлиси ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлди. Вилоят мисолида таққослаб кўрадиган бўлсак, 2016 йилда вилоятда 536 мактабда 22871 нафар педагог кадрлар асосий штатда ва 687 нафар ўриндош сифатида фаолият олиб борган. Педагогларнинг атиги 633 нафари олий, 4048 нафари 1-тоифали, 9047 нафари 2-тоифали, 9143 нафари эса мутахассис малака тоифаларига эга бўлган. Тизимда эркак ўқитувчилар сони атиги 5486 нафарни ташкил этган. Таълим-тарбия – мамлакат эътиборидаги энг устувор масалага, ўқитувчи эса жамиятнинг нуфузли ва обрўли вакилига айланган бугунги кунга келиб, вилоятдаги олий тоифали ўқитувчилар сони 2940 нафардан 4142 нафарга, биринчи тоифали ўқитувчилар сони 7112 нафардан 9126 нафарга ошди. Шунингдек, тоифасиз мутахассис педагоглар сони 8646 нафардан 6299 нафарга, ўрта-махсус маълумотли педагоглар сони 1708 нафардан 1612 нафарга камайишига эришилди.
Умумтаълим мактабларида эркак ўқитувчиларнинг сони 2016 йилга нисбатан 1 612 нафарга ошиб, 7 099 нафарга етди. Бу кўрсаткич умумий ўқитувчилар сонига нисбатан 24,8 фоизни ташкил этмоқда. Чет тили, IТ, математика, кимё, биология бўйича миллий ва халқаро сертификати бор ўқитувчиларга устама, чекка ҳудудга бориб ишлаган муаллимларга алоҳида тўлов жорий этилаётгани натижасида бугун вилоятда минг АҚШ долларидан ортиқ маош оладиган ўқитувчилар сони 100 нафардан ошди. 177 нафар ўқитувчига вазир жамғармасидан қўшимча устамалар тўланмоқда. Мактабларда ўқувчиларга икки тил ва бир касб ўргатиш тизимини янада такомиллаштириш, ўқитувчилар салоҳиятини ошириш, мактаб инфратузилмасини яхшилашда маҳаллий ҳокимликлар масъулиятини янада ошириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Юқори синфда ўқитиладиган фанлар 16 тадан 11 тага қисқариши эълон қилинди. Олийгоҳга кириш иштиёқида бўлган 10-11 синф ўқувчиларига эндиликда “кимё – биология”, “математика – физика”, “математика – чет тили”, “она тили ва адабиёт – чет тили” фанлари уларнинг танлови асосида чуқурлаштириб ўқитилади.
Касб-ҳунар эгаси бўлиш истагидаги ўқувчиларга эса мактабнинг ўзида тайёр мутахассис бўлиб етишиб чиқиш имконияти яратилади. Давлатимиз раҳбари ўқитувчилар малакасини ошириш ва уларга муносиб шароит яратиш ҳақида фикр билдириб, ўқитувчиларни ишга қабул қилиш, уларнинг малакасини ошириш ва тоифа бериш тизими ҳам тўлиқ ўзгаришини қайд этди. Бундан буён ўқитувчиликка қабул қилиш танлов асосида амалга оширилиб, илк бор қабул қилинган номзодлар бир йил ўқитувчи-стажёр бўлиб ишлайди ва йил якуни билан касбий сертификат олиши лозим бўлади. Бу ёш мутахассисларнинг ўз касбига бўлган масъулиятини оширишга хизмат қилади. Ўқитувчилар малакасининг табақалашган ҳолда оширилиши, муаллимларга малака тоифасини бериш икки босқичда амалга оширилиши ҳам педагогларимизни ўз устида тинимсиз изланиши, касбий билим ва тажрибасини оширишга ундайди.
Бу янгиланишлар, шубҳасиз, мактаб таълимида кескин юксалишлар даврини бошлаб беради. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мактаб таълимини янада яхшилаш мақсади йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатларнинг натижаси, аввало, педагогларнинг меҳнатига боғлиқ. Бу йўлда бухоролик педагоглар ҳам бор билими ва салоҳиятини, куч-ғайратини сафарбар этиб, халқимиз ва давлатимиз раҳбари билдирган ишончни оқлашга астойдил бел боғлаган.
Фаррух Қурбонов,
Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи
ЎзА