Мактаб қуришни режалаштиришда муаммолар бор
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди.
Унда жойларда барпо этилаётган массивларнинг бош режасини ишлаб чиқишда ушбу ҳудудларда мактаб қурилишини инобатга олиш ҳамда янги ҳудуд ва массивларда қурилаётган янги кўп қаватли бинолар қурилишида уларга мутаносиб равишда янги ўқувчи ўрнини яратиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Депутат Бекмирза Эшмирзаев ҳудудларда мактаблар қуришни режалаштиришдаги муаммоларга тўхталди. Депутатнинг қайд этишича, ҳудудларда бош режа ишлаб чиқилмаган. Туманларда аҳоли ўсиш суръати кўпайяпти. Айниқса, туман марказларида доиравий шаклда аҳоли хонадонлари қуриляпти. Шу ўринда мактаблар қуришни режалаштиришда оқсашлар кузатиляпти. Яъни, нотўғри режалаштириляпти. Ҳудудларда мактаб қишлоқ ёки маҳаллалар ўртасида барча учун қулай жойда эмас, чекка жойда қурилган.
– Яна бир масала, лаборатория хонасидан синфхона сифатида фойдаланиш ҳолатлари бор. Ёки ўқитувчилар ўзлари қурган қўшимча хонада ўтиришибди. Бу мактабни қуришдан олдин майли қанча маблағга бориб тақалса ҳам, биттасини сифатли қуриш керак, кейин бошқа мактаб қуришга ўтиш керак. Ушбу масалаларни тегишли идоралар инобатга олишлари лозим, – деди Б.Эшмирзаев.
Н.Насриев, ЎзА