Мактаб ошхонасида тақиқланган маҳсулотлар сотилган
Болалар қандай таомларни истеъмол қилиши мумкин? Уларга қайси турдаги маҳсулотларни бериш мақсадга мувофиқ?
Маълумки, “Умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим муассасаларида ўқувчилар овқатланишини ташкил этишнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари”да намунавий таомномага қўйиладиган талаблар ҳам белгиланган.
Соҳа вакилларининг сўзларига кўра, болаларнинг кунлик овқатланиш рационининг оптимал озуқавий нисбати оқсиллар ҳисобига 10 — 15 фоиз, ёғлар ҳисобига 30 — 32 фоиз, углеводлар ҳисобига 55 — 60 фоиз, кальцийнинг фосфорга нисбати 1:1,5 тарзда бўлиши лозим.
Мактаб ошхоналарида гўшт қўшилган, майонез, кетчуп ва орасига сабзавотлар солинган нон маҳсулотлари (гамбургер, чизбургер ва хот-доглар), сунъий таъм, ҳид берувчи моддалар, бўёқлар, ароматизаторлар қўшилган қандолат маҳсулотлари, кремли қандолат маҳсулотлари (торт ва пишириқлар) ҳамда сунъий консервантлари бўлган “кириешки”, “хрустяшки” ва чипслар, қурт, писта, донали уй шароитида тайёрланган шимиладиган ширинлик каби маҳсулотларни сотиш мумкин эмас.

Аммо аксарият таълим муассасаларида бу тартибга тўлиқ риоя қилинмаяпти.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси Яшнобод туман бўлими ходимлари томонидан 156-сонли мактаб ошхонасида мурожаат асосида ўрганиш ишлари ўтказилди. Шунингдек, шу каби назорат тадбири Олмазор туман бўлими ходимлари томонидан 134-сонли таълим муассасасида эпидемиологик кўрсаткич асосида олиб борилди.
Назорат давомида мактаб ошхонасида тақиқланган майонез ва кетчуп қўшилган маҳсулотлар, рангли ва газли ичимликлар, сақичлар, қотирилган нонлар, ҳар хил турдаги қандолат маҳсулотлари сотилаётгани аниқланди ва ўрнатилган тартибда ушбу маҳсулотлар бракераж қилинди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, мактаб ошхоналарида тақиқланган маҳсулотлар савдосини чеклаш ва уларни назорат қилиб бориш мактаб ҳудудида ташкил этилган бракераж комиссияси ваколатига ҳам киради. Шунингдек, мактаб ошхонасига сотиш учун олиб келинган ҳар бир маҳсулотни сифат кўрсаткичларига мослиги бракераж комиссияси томонидан кўриб чиқилиши ва тақиқланган маҳсулотлар улар томонидан савдодан олиниши керак.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА