Мактаб ошхоналари талабга жавоб берадими? (+видео)
ЎзА РЕЙДИ
ЎзАда янги лойиҳа иш бошлади. “ЎзА РЕЙДИ” лойиҳасида ваколатли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда рейд тадбирлари ўтказилади. Унда давлат ташкилоти тузулмаларидаги мавжуд вазиятларнинг айни ҳолати видеорепортаж орқали кўрсатиб берилади.
Илк дастурни ЎзА мухбирлари Санэпидхизмат мутахассислари билан ҳамкорликда пойтахтимиздаги мактаб ошхоналарида махсус рейд назоратини ўтказди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумот беришича, мактаб ошхоналарида “фастфуд” тайёрлаш ва сотиш тақиқланган. Бу турдаги маҳсулотлар умумтаълим муассасаларида рухсат этилмайдиган озиқ-овқатлар рўйхатига киритилган.
Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам уларни кундалик таомномадан чиқаришни тавсия қилган. Бундан ташқари,ошхоналарда тайёрланадиган ва сотиладиган маҳсулотлар ўқувчилар овқатланишини ташкил этишнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларида кўрсатилган меъёрларга мос келиши лозим.
Умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим муассасаларида ўқувчилар овқатланишини ташкил этишнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларида мактаб ошхоналарида тайёрланиши ва сотилиши мумкин бўлмаган маҳсулотлар рўйхати келтириб ўтилган.
Унга кўра, мактаб ошхоналарида тайёрланиши ва сотилиши мумкин бўлмаган маҳсулотлар турига гўшт қўшилган, майонез, кетчуп ва орасига сабзавотлар солинган нон маҳсулотлари, (гамбургер, чизбургер ва хот-доглар) сунъий таъм ва ҳид берувчи моддалар, бўёқлар, ароматизаторлар қўшилган қандолатчилик маҳсулотлари, сунъий консервантлари бўлган («кириешки», «хрустяшки» ва чипслар;) маҳсулотлар, рангли ва рангсиз газланган ичимликларни сотиш тақиқланади.
Бундан ташқари, ветеринария назоратидан ўтмаган маҳсулотлардан квас, хом дудланган гўштли гастрономик маҳсулотлар ва колбасалар, қайнатилган колбаса, маринадланган сабзавот ва мевалар, табиий кофе, тетиклантирувчи ва қувватни оширувчи энергетик ичимликлар, гўшт ва творогли қуймоқлар, тез тайёрланадиган қуруқ озиқ-овқат концентратларини сотиш ҳам тақиқланади.
Хўш, мазкур қоидаларга жойлардаги таълим муассасаларида қай даражада амал қилинмоқда?
Рейд назоратининг биринчи манзили Юнусобод туманида жойлашган 70-сонли умумий ўрта таълим мактаби ошхонаси бўлди. Ташқаридан қараганда мактаб ошхонасидаги вазият рисоладагидек, аммо...
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/yQOal0v3YNg" title="Мактаб ошхоналари талабга жавоб берадими?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Ошхона ёритиш тизимлари билан талаб даражасида таъминланмаган. Колбаса қўшиб тайёрланган пиццалар, сунъий таъм ва ранг қўшилган ичимликлар, ширинликлар, ароматизаторлар қўшилган қандолатчилик маҳсулотлари, сақич, қурт ва шу каби маҳсулотлар мактаб ошхонасида бемалол сотилмоқда.
Егуликлар устига тўшалган ёпинчиқ, ошхона ходимларининг пешбандлари эса санитария талабига жавоб бермайди. Қўл ювиш бурчагида эса на совун ва на сочиқни кўрдик.
Ваҳоланки, мактаб директорига кўра, мазкур таълим муассасаси йўл ёқасида жойлашгани боис, ошхонада тез-тез брокераж комиссиясининг назорати ўтказилиб турилади. Шу каби аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича Санэпидхизмат ходими керакли тавсияларни берди.
Кейинги манзил Мирзо Улуғбек туманидаги Филология фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби бўлди. Мактаб дарвозасидан кирарканмиз, биринчи галда ўқув қуроллари сотилаётган дўкон эътиборимизни тортди. Дўконда мактаб ўқувчиларининг истеъмоли учун тақиқланган маҳсулотлар эркин сотилмоқда.
Мактаб ошхонасига қадам қўяр эканмиз, у ердаги манзара бизни таажжубга солди. Расталардаги кетчуп, майонезли пиццалар, қачон тайёрлангани ва муддати кўрсатилмаган кремли пишириқлар, колбаса маҳсулотлари билан тайёрланган булочкалар усти очиқ ҳолатда сотилмоқда.
Айни тушлик вақтида ўқувчиларга иссиқ овқат узатилаётганини кўриб қувонган бўлсак, таомлар узатиш жойида махсус идишларда сақланаётган овқатнинг усти очиқ ҳолатдалиги, камига тепасида тувакларга экилган гулларнинг қатор жойлаштирилгани таъбимизни хира қилди.
Бундан ташқари, хушбўйлантирувчи моддалар қўшилган қандолатчилик маҳсулотлари, яроқлилик муддати номаълум “чипс” ва бодроқлардан тортиб, рангли ва газланган ичимликларгача, ўқувчиларга мунтазир эди. Сотувчи эса, “Агар бу маҳсулотлар мактабимизда сотилмаса, ўқувчилар кўчадан чиқиб олиб келяпти” дея вазиятдан чиқишга уринди. Қизиқ, гап ўқувчиларнинг саломатлиги устида борар экан, бу содда баҳонани қанчалар оқлаш мумкин?
Навбатдаги манзил Яшнабод туманига қарашли 69-мактаб ошхонаси бўлди. Кетчуп-майонезли колбаса қўйилган пицца, хот-доглар бу ошхонада ҳам бемалол сотилмоқда. Қолаверса, бу ерда ҳам ошхона тозалиги, ёритиш тизимлари талаб даражасида эмас. Бизни кўриб, гап нимадалигини дарров пайқаган ошхона ходими ичида нима борлиги номаълум идишлардан бирини эпчиллик билан кўтариб олди-ю, эшик томонга югуриб кетди ва зум ўтмай, ошхонага олиб кирадиган эшик ҳам қулфланди.
Деворда осиғлиқ турган йўриқномада эса аввал қўлни ювиб, сўнг таомланиш бўйича тавсиялар берилган экан. Аммо бу тавсияларга амал қилиш учун бурчакда на совун, на сочиқлар осилган. Камига қўл ювиш бурчаги ҳам техник носоз ҳолатда. Таомнома осиладиган пештахта ҳам бўм-бўш, хўжакўрсинга қўйилгандек гўё...
Санэпидхизмат ходими ошхона хоналарининг тўғри тақсимланмагани, асосий хонада ҳаво ўтказиш тизимининг йўқлиги бўйича эътироз билдирди. Ҳатто ходимлар эгнидаги оппоқ халат ва пешбандлар ҳам тозалик бўйича талабга жавоб бермайди.
Иш ҳолатида бўлмаган музлаткичдаги товуқ ва мол гўшти ҳам артилган сабзавотлар, помидор пастаси, оғзи очиқ ҳолатда турган мева шарбатлари, пишириқлар билан ёнма ён пул солинган тоғорача, кетчуп, оғзи беркитилмаган ахлат челаги, сабзавотлар бурчагидаги ивирсиб ётган супургидан то ювилмаган сочиқларгача таъбимизни хира қилди.
Қизиғи, текширув жараёнида ҳар учала таълим муассасалари ҳам ўқувчилар истеъмоли учун тақиқланган маҳсулотларни сотиш мумкин эмаслиги ва санитар талаблар борасида огоҳлантирилганликларини тан олди. Бироқ, шунга қарамай, уларнинг мавжуд тартибларни четлаб ўтишларига нима сабаб бўлмоқда? Моддий даромад олиш истагими ёки ўқувчи-ёшлар саломатлигига нисбатан лоқайдлик ҳиссими?
Агар сиз ўз ҳудудингиздаги мактаб ошхоналари талабга жавоб бермайди, деб ҳисобласангиз, бу ҳақда видео остида ёзиб қолдиринг.
ЎзА махсус рейд тадбирларини давом эттиради. Кейинги манзил сизнинг ҳудудингиз бўлиши мумкин.
М. Эшмирзаева, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА