Бухоро вилояти Шофиркон туманида жорий йил август ҳолатида туман бўйича 2 минг 972 нафар педагогдан 310 нафари ёки 10,4 фоизи олий тоифали, 577 нафари ёки 19,4 фоизи биринчи тоифали, 967 нафари ёки 32,5 фоизи иккинчи тоифали ўқитувчилар ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги “Умумий ўрта таълим ва ўрта махсус таълим муассасалари рейтингини аниқлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан тумандаги умумтаълим мактаблари ўртасида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш рейтинги бўйича 3-ИДУМ, 55-ИДУМ, 45-, 25-, 41-, 32- ва 5-умумтаълим мактаблари “яшил ҳудуд” тоифасига киритилди.
Давлат тест маркази ва Британия Кенгаши ҳамкорлигида инглиз тили фани ўқитувчилари учун ўтказилаётган “APTIS for teachers” тест синовларида 106 нафар чет тили фани ўқитувчилари С1 даражани қўлга киритди.
Юқоридаги кўрсаткичлар туман ҳокими Жамшид Шаропов бошчилигида ўтказилган тадбирда муҳокама қилинди. Йиғилишда мактабларда ўқув жараёни ҳолати, туман, вилоят ва республика даражасидаги танловлар, беллашувлар, фан олимпиадаларида эришилган натижалар, битирувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичлари кенг таҳлил этилди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси, туман халқ таълими бўлими масъуллари, умумтаълим мактаблари директорлари, фаол педагоглар иштирок этган мулоқотда истиқболдаги режа ва вазифалар белгилаб олинди.
Тадбирда олий таълимга қамров бўйича юқори кўрсаткичларга эришган 55-ИДУМ, 41- вa 45-умумтаълим мактаблари директорларига туман ҳокимлигининг ташаккурномалари ва 10 миллион сўм миқдордаги пул мукофотлари топширилди.
Абитуриентлари энг кўп талабаликка қабул қилинган ўқув тайёрлов курслари раҳбарлари фаолияти эътироф этилиб, улар ҳам муносиб рағбатлантирилди.
Учрашувда соҳа ходимларининг ўз устида изланиши натижасида улар томонидан фанга доир турли қўлланмалар яратилиб, кенг оммалаштирилаётгани ҳам эътироф этилди. Жумладан, бу борада 3-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Гулмира Баротова, 21-умумтаълим мактабнинг информатика фани ўқитувчиси Нилуфар Бозорова ва бошқалар ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
Зариф Комилов, ЎзА