![](https://cdn.uza.uz/2023/06/15/03/03/el3NBqD7bPloUvMM0nE4EUbzMwtjSPsH_normal.jpg)
Фарзандларимиз мактабда ўқийди. Бу даврда жараён ҳар доим ҳам бир текис ва муаммоларсиз кечмайди. Баъзан ким биландир тортишади, баъзан эса ўзи шўхлик қилади. Ана шундай вазиятларда биз, ота-оналарни мактаб директори чақириши мумкин. Ёки ўзимиз бу каби вазиятни ҳал этиш учун мактабга борамиз. Ана шундай ҳолатларда раҳбар қандай йўл тутиши керак?
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институтида тажриба-синов тариқасида умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимига номзодлар учун менежерлик ўқув машғулотлари ташкил этилди. Машғулотлар давомида ўтказилаётган тренингларда ана шундай вазиятларда қандай йўл тутиш, жамоани бошқариш, ишга қабул қилиш ва ишдан озод этиш тартиблари ҳақида батафсил маълумот берилмоқда.
Машғулотлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2023 йил 15 майдаги “Менежерлик ўқув курсларини ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғи асосида ташкил этилди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган машғулотларга ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари томонидан тавсия этилган номзодлар жалб этилди.
Ўқув жараёнлари тажрибали профессор-ўқитувчилар томонидан тренеринг шаклида олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур тренингдан кўзланган асосий мақсад, менежерлик курсларидаги машғулотларда директор лавозимига номзодларнинг жамоада ишлаш, ота-оналар билан мулоқот қилиш, бошқарув, молиявий ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳамда ахборот коммуникация технологиялари кўникмаларини шакллантиришдан иборатдир.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/baL06RZ-S1Q" title="" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Бугунги кунда раҳбар нафақат аниқ бир касб-ҳунарнинг эгаси, аввало, ўзининг фаолияти ва инсонийлиги билан халқнинг ишончига муносиб бўлиши, юксак интеллектуал тафаккур соҳиби, узоқни кўра оладиган, доимо янгиликка интилиб, замон билан ҳамқадам бўлиб яшайдиган қатъият эгаси бўлиши зарур. Шундагина жамоа кўзланган натижага эриша олади, самара кутилгандек бўлади.
Барно Мелиқулова, ЎзА