Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси масъуллари Нукус туманида жойлашган қуритилган помидор ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан яқиндан танишишди.
Таъкидлаш жоизки, заминимизда етиштирилган помидор маҳсулотларини табиий шароитда қуритиб, экспорт қилаётган мазкур фермер хўжалиги мамлакатимиз экспорт салоҳиятида камхаржли янги йўналишни очиб берди.
– Франция давлатидан келтирилган махсус уруғдан алоҳида парваришлаш йўли билан ўстириладиган помидорни тузлаб, табиий шароитда қуёш нури остида қуритиш кўп харажат талаб қилмайди. Табиий шароитда қуритилган органик помидор маҳсулотига Франция, Италия бозорларида талаб ортиб бормоқда. Ўтган йили 100 минг АҚШ доллари қийматидаги 18 тонна қуритилган помидор маҳсулотини экспорт қилган бўлсак, бу йилги ҳосил ҳам пишиб, қуритиш ишлари амалга оширилмоқда, – дейди хўжалик раҳбари Шерзод Ниязимбетов.

Бугунги кунда ярим тайёр маҳсулот экспортини амалга ошираётган фермер хўжалиги қўшимча қиймат яратиш мақсадида маҳсулотни консерва ҳолатига келтириб, экспорт қилишни ҳам режалаштирмоқда.
Учрашув давомида божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Ўразалиев хўжаликнинг қуритилган экологик тоза помидор ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлашни ташкил этиш лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишар экан, 100 гектар ерда томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш ва қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилишда мавжуд муаммо ва масалаларни ўрганди.
Қуритилган помидор маҳсулотларининг экспорт географиясини ошириш юзасидан тавсиялар берилиб, қайта ишлашни ташкил этишда хориждан келтирилган асбоб-ускуналарга божхона тўловларидан тақдим етиладиган имтиёзлар, “Экспорт уч қадамда” тизими афзалликлари бўйича маълумотлар тақдим қилинди.

Навбатдаги манзилда божхона масъуллари Хўжайли туманининг “Саманкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган ёшлар ижтимоий-иқтисодий марказини ташкил этиш бўйича тайёрланган инвестиция лойиҳаси билан танишишди.
Қиймати тўғридан тўғри хорижий инвестиция маблағи ҳисобидан 100 миллион АҚШ долларига баҳоланган мазкур лойиҳа учун 152 гектар ер майдони ажратилган. 2028 йил декабр ойида ишга туширилиши режалаштирилаётган мазкур объектда хорижий инвестицияни ўз вақтида ўзлаштириш, қурилиш ишларини сифатли олиб бориб, лойиҳанинг кечикмай ишга туширилишини таъминлаш юзасидан тавсиялар берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири