Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори Иброҳим Эргашев Андижон вилоятида бўлиб, экспортёр, тадбиркор ҳамда қадоқловчи корхоналар вакиллари билан учрашиб, мулоқот ўтказди.
Савдо-саноат палатаси Андижон вилоят бошқармасида бўлиб ўтган учрашувда маҳсулотларни халқаро талаблар асосида қадоқлаш, ушбу жараёнга илғор ва замонавий технологияларни жорий этиш, янги иш ўринларини яратиш, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда қадоқлаш жараёни маҳсулотнинг бозордаги муваффақиятини белгиловчи асосий омиллардан бири эканлиги, айниқса, мева ва сабзавотларни даладан истеъмолчига етказиш занжирида сифатли қадоқлаш маҳсулотнинг бузилмаслиги, хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнаши таъкидланди. Шунингдек, экспорт, яъни халқаро ташувларда қадоқларнинг мустаҳкамлиги, ҳажм жиҳатдан халқаро стандартлар ва транспорт воситаларига мос келиши ҳам эътиборга олиниши муҳимлиги қайд этилди.

– Бугунги кунда қадоқлаш борасида мамлакатимиздаги имкониятлар анча катта, – дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори Иброҳим Эргашев. – Хусусан, янги узилган мева-сабзавот, қуритилган ва дуккакли маҳсулотлар учун қадоқлар ишлаб чиқариш, йилига тахминан 2 миллион тонна маҳсулот учун қадоқ тайёрлаш қувватлари мавжуд.

Учрашув давомида мутахассис ва иштирокчилар томонидан қадоқларнинг экологик тоза, қайта ишлашга яроқли ҳамда иқтисодий жиҳатдан самарали бўлиши, жараённинг бошқа афзалликлари, уларни амалиётга жорий этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, учрашув давомида маҳаллаларда кооперация ташкил этиш лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Арманистон ва Жанубий Африка Республикаси тажрибалари асосида ташаббускор аҳоли хонадонларида меваларни қуритиш, экспортга йўналтириш ишларини йўлга қўйиш режалаштирилган. Ушбу жараённи амалиётга жорий этиш натижасида мамлакатимиз бўйича 2,5 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш имконияти яратилади.

Тадбир давомида экспорт ҳажмини оширишга тўсқинлик қилаётган муаммолар, уларни бартараф этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди, тадбиркор ва фермерларга халқаро бозор тенденциялари ҳақида маълумот берилди. Тадбиркор, фермер, экспортёрлар мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Куннинг иккинчи ярмида иштирокчилар учун Жалақудуқ туманида амалий семинар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, Жалақудуқ туманида дала четлари, каналлар, суғориш ариқлари ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги бўш турган ер майдонларидан оқилона фойдаланиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишилди. Мазкур йўналишда тадбир доирасида кўргазмалар ташкил этилди.
Амалий семинарда мутахассислар томонидан Президент қарорининг мазмун-моҳияти тушунтирилди, иштирокчиларга ушбу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этишда Жалақудуқ тумани Пахтакор массивидаги “Нурли келажак рамзи” фермер хўжалигида амалга оширилган ишлар мисолида кўрсатиб берилди.
– Ўн йилдан буён фаолият олиб бораётган хўжалигимиз 38 гектар майдонда деҳқончилик қилади, – дейди “Нурли келажак рамзи” фермер хўжалиги раҳбари Исроилжон Исмоилов. – Далаларимиз четларидаги бўш турган 80 сотих майдонга 600 туп экспортбоп аччиқ гилос, 1 минг 600 туп тут, 1 минг 500 туп терак кўчатлари экилди. Бундан ташқари, 1 минг дона ўрдак боқиш учун ўрдакхона барпо этилди. Бу аввало, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш, қолаверса, яхшигина даромад олиш имконини беради.
Мутахассислар Президент қарорида дала четларидан самарали фойдаланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар, экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўзда тутилган имтиёзлар ҳақида ҳам маълумотлар берди. Хусусан, уларга ички фитосанитария сертификати бир йил давомида бепул берилиши, 36 ойгача имтиёзли давр билан 84 ой муддатга, йиллик 14 фоиз ставкада кредитлар ажратилиши, ер солиғи тўлови бўйича имтиёзларга эга бўлиши тушунтирилди.
Семинар доирасида дала четларига 2 минг тупдан ортиқ олхўри, аччиқ гилос, узум ва жийда кўчатлари экилди. Тадбир иштирокчилари дала четларидан самарали фойдаланиш, мевали дарахт кўчатларини экиш ва парваришлаш бўйича ўзаро тажриба алмашишди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари