Ўқитувчилик касбининг энг асосий жиҳатларидан бири унинг улкан масъулият билан боғлиқ бўлиши. Ўқитувчи нафақат билим беради, балки ёш авлоднинг дунёқараши, ахлоқи ва тарбиясига ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис касб эгалари доимо эзозланиб келинади.
Урганч шаҳрида “Маҳоратли ўқитувчи--миллат таянчи” мавзусидаги анъанавий тўртинчи “Устозлар миллий форуми” ўтказилди. Ушбу форум вилоятда фаолият олиб бораётган шарафли касб эгаларини қўллаб қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Форумнинг ялпи йиғилишида вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов иштирок этиб, соҳада эришилган ютуқлар ва келгусидаги устувор вазифалар ҳақида фикр билдирди.

Тадбир аввалида вилоятда таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар, натижалар ва режалар хусусида сўз борди.
Такидланишича, жорий йил вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотлари 2 минг 51 тага етиб, қамров 2017 йилга нисбатан қарийб 2 мингтага кўпайган.

-- Шу йилда 6 та янги мактаб қурилиб, 10 дан ортиқ муассасада таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, --- дейди Хоразм вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамро Бектемиров.-- Нодавлат умумий ўрта таълим муассасалари 7 баробарга кўпайиб, 33 тага етган. 2025-2026 ўқув йили давомида эса касбий таълим мактаблари сонини 23 тага етказиш режа қилинган. Бу каби рақамларни кўп келтириш мумкин.
Уч кун давом этган форумда 14 шуъба йўналишида педагоглар учун тренинг ва маҳорат дарслари ўтказилди.

--Таълим соҳасининг илғор вакиллари, тажрибали педагоглар ҳамда ёш ўқитувчилар билан биргаликда ушбу анжуманда қатнашаётганимдан мамнунман,-- дейди ёш педагог Гулрух Турсунбоева. – Ушбу форум шуъбаларида илгари сурилган илғор ғоялар, тажриба алмашиш жараёнлари ва таълим сифатини оширишга доир тавсиялар сарҳисоб қилинди. Танқидий фикрлаш, мезонли баҳолаш, лойиҳавий таълим, Е-мактаб платформаси ва инновацион ўйин методлари — барчаси устозлар малакасини ошириш учун хизмат қилмоқда. Илғор тажрибалар ҳудудларга каскад усули билан ёйилади. Натижада форумда ўрганилган илғор тажрибалар барча мактаб ва боғчаларга етказилади.
Учрашувда замонавий талабларга мос дарс бериш, доимий равишда ўз устида ишлаш, янги билимларни ўзлаштиришда илғор устозларнинг меҳнати эътироф этилди. Таълим ривожига муносиб ҳисса қўшаётган фидойи устоз ва мураббийлар вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари