Маҳоратли гимнастикачилар камол топаётган маскан
Бугунги кунда мамлакатимизда спортни ривожлантириш, болалар, айниқса, қизларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишига шароит яратиш юзасидан тизимли ишлар қилинмоқда.
Бунинг самарасида юртимизда барча спорт турлари қатори бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси жадал оммалашди. Бадиий ва спорт гимнастикаси билан шуғулланувчи болалар сони кейинги беш-олти йилда кескин ошгани қувонарлидир.
Айниқса нафосат, назокат ва гўзаллик тимсоли бўлган бадиий гимнастика спорт тури қизларнинг жисмонан соғлом, иродаси мустаҳкам, дунёқараши кенг инсонлар бўлиб вояга етишига хизмат қилади.
Гимнастика федерацияси томонидан барча вилоятларда федерациялар фаолияти йўлга қўйилди, мунтазам ўтказиб келинаётган ҳудудий ва республика мусобақалари иқтидорли спортчиларни аниқлаш, мамлакатимизда гимнастикани янада оммалаштириш имконини бермоқда.

Мусобақаларда чиниққан спортчиларимиз жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Осиё ва Олимпия ўйинлари, нуфузли турнирларда муносиб иштирок этмоқда.
Ана шундай иқтидорли ёшларни вояга етказишда пойтахтимизда жойлашган Гимнастика бўйича республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактабининг ўрни беқиёс. Шу кунларда мазкур мактабга кириш учун имтиҳонлар ўтказилмоқда. Унда жами 57 нафар болалар имтиҳонда иштирок этмоқда.
Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки, 57 нафар ёш спортчилардан бадиий гимнастика бўлимига 6 нафар, гимнастика ва трамплин спорт йўналишига учтадан ўғил ва қизлар қабул қилинади.
Умид қиламизки, ушбу мактабга қабул қилинган ёш гимнастикачилар маҳоратли мураббийлар қўл остида шуғулланиб, келгусида иқтидорли спортчиларга айланади ва нуфузли мусобақаларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА