Маҳорат мактабини яратган санъаткор
Атоқли санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов кино, театр, дубляж санъатида ўзига хос мактаб яратган ижодкорлардан саналади. Унинг саҳнада, кинода ижро этган кўплаб қаҳрамонлари мухлисларга яхши таниш.
Ё. Аҳмедов 1938 йилнинг 3 январь куни Наманган вилоятида таваллуд топган. У болалигидан Наманган вилоят мусиқали драма ва комедия театрининг спектаклларида қатнашиб турган.
1959 йилда Тошкент театр ва рассомлик институти – ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тамомлайди. 1958 йилдан бошлаб, кўп йиллар давомида Ўзбек Миллий академик драма театрида актёр, театр директори бўлиб фаолият юритди.
2015 йилдан бошлаб, Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов Ўзбек Миллий академик драма театрида “Актёрлик маҳорати” янги мактаб-студияси фаолиятини йўлга қўйишга муваффақ бўлди.
Ёқуб Аҳмедов театрда элликдан ортиқ, кинода қирқдан ортиқ ролларни ижро этди. Айниқса, Ойбекнинг “Навоий” асари асосида ишланган кўп серияли видеофильмда устоз санъаткор талқинидаги Алишер Навоий сиймоси томошабинлар меҳри ва эътиборини қозонгани, юксак ижро маҳорати билан диққатга сазовордир. Шунингдек, Ёқуб Аҳмедов ўзбек тилига таржима қилинган 400 дан ортиқ фильмлар дубляжида қатнашди.
Айни пайтда табаррук 86 ёшни қаршилаётган санъаткорга янада узоқ умр, мустаҳкам соғлик тилаймиз.
Н.Усмонова, ЎзА