Маҳорат дарси: Ватан ҳисси дилларда
Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, фалсафа фанлари доктори, профессор, нотиқлик бўйича халқаро тоифадаги мураббий Жамила Шермуҳаммедова билан учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирни ижод мактаби директори Покиза Ахмеджанова очиб берди. Ўқувчиларга учрашувдан мақсад, уларнинг илмга, ижодга янада масъулиятли бўлиб ёндашишларини алоҳида қайд этди.

Шундан сўнг таниқли олима Ж.Шермуҳаммедова бугунги куннинг асоси бўлган таълимнинг таъсирчанлик талаби, кучи ва сифати, унинг самараси тўғрисида гапирди. Ватаннинг эртаси ва келажаги бўлган ёш авлод янги замонавий билимларни пухта эгаллаши, компьютер технологияларини билиши, бир неча тилда сўзлаша олиши давр талаби эканлигини таъкидлади. Шунингдек, Жамила Шермуҳаммедова ўзининг бой психологик тренинглари ҳамда ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашди. У ўзининг нутқида “Менинг Ватаним”, “Менинг халқим”, “Менинг маънавиятим”, “Менинг аждодларим” каби даъват сўзлари билан ҳар бир ёш қалбида ватанпарварлик, бирлашиш, кучли бўлиш, ўз аждодлари билан фахрланиш туйғулари томир отиши лозимлигини уқтирди.


Учрашув давомида тадбир иштирокчилари ўзини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди. Профессор Ж.Шермуҳаммедова томонидан ўтказилган маҳорат дарси ўқувчиларда катта таассурот қолдирди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА.