Биргина мақолада ижодкорнинг барча қирраларини очиб бериш мумкинми? Йўқ, албатта. Санъатшуносларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, “Шуҳрат” медали соҳиби Алишер Алиқулов ижоди ҳақида ҳар қанча гапирсак ҳам оз.

Алишер Алиқулов 1966 йил 20 ноябрда Тошкент шаҳрида туғилган. У рангтасвир устаси сифатида мамлакатимиз ва хорижий давлатларда ном қозонган мусаввир. Дастлаб П.Беньков номидаги Республика рассомлик билим юрти, кейинчалик эса Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтини тугатган Алишер Алиқулов монументал рангтасвир йўналишида самарали ижод қилиб келмоқда. 

Асарлари мавзуси асосан Ўзбекистон тарихи, буюк алломаларимиз, миллий ўзлигимизни акс эттиришга бағишланади. Тарихий воқеалар, шахслар, анъаналар ва маросимларни реализм асосида акс эттириш Алишер Алиқулов ижодида устувор ўрин эгаллайди. Мусаввир “Қадимги Бақтрияда спорт ўйинлари”, “Дунё халқлари эртаклари”, ”Ўзбекистоннинг буюк сиймолари”,  “Халқ қўзғолонлари ва жадидчилик ҳаракатлари”, “Амир Темур жаҳон тарихида”, “Амир Темурнинг Тўхтамиш устидан ғалабаси” ва “Самарқанд бозори”, “Амир Темур мақбараси”, “Байроқ учун жанг” ва “Қасрнинг забт этилиши”, “Совға” ва бошқа қизиқарли тарихий мавзудаги дастгоҳли асарларнинг муаллифидир. Бу маҳобатли картиналарга Тошкент шаҳридаги бир қатор музейлар, театрлар, маънавият масканларида ҳар биримизнинг кўзимиз тушгани, улардан баҳра олганимиз, ҳайратланганимиз аниқ. 

Алишер Алиқулов мамлакатимиз ва Озарбайжон, Туркия, Миср, Македония, АҚШ ва бошқа хорижий мамлакатларда бўлиб ўтган  кўргазмаларда ранг-баранг асарлари билан қатнашиб, хорижлик тасвирий санъат мухлисларининг эътирофига сазовор бўлган ижодкордир.  

Мусаввирнинг кейинги йилларда яратган ишлари Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази ҳамда Тошкент шаҳридаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида жойлашган “Шон-шараф” музейида ишланган маҳобатли рангтасвир асарларидир.  

– Буюк муҳаддис бобокалонимиз Имом Бухорий ҳаёт йўлларига бағишланган маҳобатли асарни яратиш жараёни бир неча ой давом этди, –  деди Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Маҳобатли рангтасвир кафедраси профессори Алишер Алиқулов. – Уни ишлашдан аввал тарихий манбаларни пухта ўргандик. Олимлар, уламолар, ҳадисшуносларнинг фикрига, тарихий манбаларга таяндик. Зеро, “Имом Бухорий ҳаёт йўллари ва мероси” ҳамда “Имтиҳон” деб номланган бу улкан тасвирий асарлар мероси ҳозиргача жаҳон олимлари томонидан ўрганилаётган, қадрланаётган аллома бобомиз даҳосига муносиб бўлмоғи керак эди. Табиийки, йирик мажмуалардаги маҳобатли асарлар биргина мусаввир эмас, бир неча ижодкорлардан иборат  гуруҳ, шогирдлар кўмагида дунёга келади. Айни пайтда бу асарлар орқали дунё тан олган буюк аждодимизнинг ибратли ҳаёт йўли, фаолияти, меросини ва шу орқали инсон умрининг, ҳаётнинг мазмун-моҳиятини очиб беришга интилдик. 

Алишер Алиқуловнинг яна бир йирик ижодий иши пойтахтимизнинг “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасидаги “Шон-шараф” музейининг кириш қисмидаги Ўзбекистоннинг буюк ғалабага қўшган ҳиссаси мавзусига бағишланади. Салкам ўттиз метрлик бу панно мамлакатимизнинг Иккинчи жаҳон урушида фашизмни енгишдаги саъй-ҳаракатлари, халқимизнинг матонати, жасорати, оддий одамларнинг изтироблари, ҳижрону қувончлари, ҳаяжонли кўз ёшларини жуда таъсирли ифода этади. Айни пайтда йирик стратегик қалқонга айланган, урушдан жафо кўрган минглаб одамларга бошпана берган ва умуман борини, борлиғини ғалабага сафарбар этган Ўзбекистоннинг қиёфаси ҳеч бир томошабинни бефарқ қолдирмайди. Ушбу улкан панно тинчликнинг, Ватаннинг, осуда ва хотиржам, фаровон кунларнинг, мустақиллигимизнинг қадрига етишга даъват этиши билан ҳам қадрлидир.  

Президетимизнинг яқинда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотларини бериш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Алишер Алиқулов Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази ва Тошкент шаҳридаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида жойлашган “Шон-шараф” музейида ишлаган маҳобатли рангтасвир асарлари учун санъат ва меъморчилик соҳасида биринчи даражали Давлат мукофотига муносиб топилди.  

– Камтарона меҳнатларим шундай юксак қадр топганидан жуда мамнунман ва бунинг учун давлатимиз раҳбаридан, халқимиздан ғоят миннатдорман, – деди Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Алишер Алиқулов. – Мамлакатимиздаги ҳар бир истеъдод соҳиби, унинг фаолияти, ижоди Президентимизнинг доимий меҳри ва эътиборида эканини ҳамиша ҳис этамиз. Айни эътибор биз – ижодкор зиёлиларни янада катта завқ, масъулият билан меҳнат қилишга ундайди.  

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳобатли рангтасвир устаси