Маҳмудхўжа Беҳбудий хотираси – авлодлар эътирофида
Пойтахтимиздаги "Адиблар хиёбони"да Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида “Буюк маърифатпарвар адиб Маҳмудхўжа Беҳбудий хотираси – авлодлар эътирофида!” деб номланган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори Зоҳиджон Исломов ва бошқалар мамлакатимизда миллий адабиётимизни ривожлантириш, миллат равнақи йўлида жонини фидо этган ижодкорлар хотирасини эъзозлашга устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлашди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жадидлар, айниқса, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ибратли ва ўта мураккаб, оғир синовларга тўла ҳаёти, миллат саодати йўлидаги эзгу ва савобли ишлари, ижодини ўрганиш амалий кўриниш касб этмоқда. Зеро, бугунги кунда халқимизни бефарқликдан, жаҳолатдан, бепарволикдан, турли иллатлардан огоҳ этишда Беҳбудий ғоялари, ҳаётий шиорлари, унинг илмий, адабий мероси ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
[gallery-21308]
–Беҳбудий гарчи бу дунёни 44 ёшида тарк этган бўлса-да, ўзига улкан маънавий ёдгорлик ўрнатиб кетди, – деди адабиётшунос олим Баҳодир Каримов. – Унинг вафотидан кейин миллат, Ватан олдидаги хизматлари ҳақида кўплаб марсиялар ёзилди. Талабалар Беҳбудийни ўқиши, уқиши, ғояларини ҳаётга жорий этишга астойдил интилиши керак.
– Беҳбудий миллат учун қўлидан келганича эзгу ишларни қилган ва бу йўлда ўлимга ҳам тик қараб, уни фахр билан қабул қилган маърифатпарвар инсон эди, – деди филология фанлари доктори, профессор Зулхумор Мирзаева. – Унинг “Падаркуш” каби драмаси хорижда ҳам мукаммал асар сифатида юксак эътироф этилади. Фикримча, Беҳбудий ижодига олимлар бундан 200 йил, 500 йилдан кейин ҳам юксак баҳо беришади.
–Бу йил Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги кенг нишонланмоқда, – деди Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессори, тарих фанлари доктори Саидакбар Аъзамхўжаев. – Беҳбудий 25 ёшида хорижга чиққан. Илғор давлатларнинг таълимга оид энг яхши тажрибасини ўз Ватанида жорий этишга интилган. Ўзининг шахсий маблағлари ҳисобидан кўплаб мактаблар очган. Миллатни мудом маърифатга, эзгуликка ундаган. Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Беҳбудий таваллуд кунида ҳам, бошқа кунларда ҳам унинг ижодини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда.
Айни пайтда Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги махсус стипендия таъсис этилгани, жадидлар фаолияти, тарихини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ёшлар маънавиятида алоҳида ўрин тутади. Беҳбудий улуғлаган, ҳаёт шиори деб билган ғоялар бугун мамлакатимизда ўз ифодасини топмоқда. Янги университетлар ташкил этилмоқда, ўқитувчилар ва таълим-тарбияга бўлган эътибор ҳар қачонгидан ҳам кучайди.
Адабий-маърифий тадбирда Беҳбудийнинг миллатимизга қарата ёзилган васиятларидан намуналар ўқилди. Талаба-ёшлар жадид боболаримиз ижодига оид ўз фикрларини билдирди.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори тараққийпарвар аждодларимиз ҳаёти, илмий меросини ўрганишда янги босқични бошлаб берди.
Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча гўшаларида Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган илмий-маърифий анжуманлар, давра суҳбатлари бўлиб ўтмоқда. Буларнинг бари миллат ойдинларининг ибратли фаолиятини ўрганиш ва тарғиб этишда янги имкониятларни очиб бериши аниқ.
Назокат Усмонова,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА