Инсоният тарихида ўчмас из қолдирган аждодларимиз кўп. Уларнинг ҳар бири миллатимиз ривожига маълум маънода ҳисса қўшган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам ана шундай ёрқин сиймолардан бири.
Маърифатчилик ҳаракатининг йирик намояндаси, миллий жумҳурият ғоясининг асосчиларидан бири, янги мактаб назариётчиси, моҳир педагог, ўзбек драматургиясини бошлаб берган биринчи драматург, театрчи, ношир ва журналист Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижоди, унинг босиб ўтган ибратли йўли ҳақида ўз даврида ёзилган матбуот саҳифаларидан билиш мумкин. Жумладан, ХХ асрнинг 20-йилларида Садриддин Айний, Ҳожи Муин Шукрулло, Лазиз Азиззода каби замондошлари томонидан бир қатор мақолалар ёзилган. Беҳбудий таржимаи ҳолини ёритишда кейинчалик Солиҳ Қосимов, Аҳмад Алиев, Наим Каримов, Бегали Қосимов, Сирожиддин Аҳмедов, Шерали Турдиев, Улуғбек Долимов, Шуҳрат Ризаев, Баҳодир Каримов, Нурбой Жабборов, Зайнобиддин Абдурашидов каби ўнлаб жадидшунос олимларимиз томонидан амалга оширилган илмий тадқиқот ишларининг аҳамияти каттадир.
Маълумотларда келтирилишича, 1875 йилнинг 19 январида Самарқанднинг Бахшитепа қишлоғида таваллуд топган Маҳмудхўжанинг 1894 йилга келиб, имом-хатиблик билан шуғилланиб келаётган отаси вафот этади. Ёш Маҳмудхўжа тоғаси – қози Муҳаммад Сиддиқ қўлида тарбия топади. Аввал Самарқандда, кейин Бухорода таҳсил олади. Дунёқарашининг шаклланишида Русия жадидчилик ҳаракатининг асосчиси Исмоилбек Гаспиралининг хизмати катта бўлади. Устоз ва шогирдлик анъаналари кейинчалик самимий дўстликка айланади. Беҳбудий ўз хотираларида И.Гаспирали билан учрашувларини ўзига хос ихлос ва муҳаббат билан эсга олади.
Беҳбудий шариатнинг юксак мақомлари – қози, муфти даражасигача кўтарилиб, 1899-1900 йилларда ҳаж сафарини адо этади. У 1908 йилда Самарқанддаги ҳовлисида мактаб очиб, ўқувчиларга таълим беради. Миллат болаларини тараққий топган шаҳарларга ўқишга юбориш ғояларини илгари суради ва бунга эришади. 1903-1904 йилларда Москва ва Петербургга, 1906 йилда Қозон ва Уфа каби шаҳарларга саёҳат уюштиради.
Маҳмудхўжа Беҳбудий шунингдек, жамият, миллатни уйғотишда матбуотнинг ўрнини ниҳоятда юқори баҳолайди ва шу боис ҳам у 1913 йилга келиб матбуот ишлари билан жиддий шуғуллана бошлайди. Жумладан, у 1913 йилнинг апрелидан бошлаб “Самарқанд” газетасини, яна шу йили 20 августдан “Ойна” журналини ташкил этиб, унга муҳаррирлик қилади. Бу журнал маърифат ва маънавият тарқатишда асосий ўринга эга бўлади. Унда миллат ва унинг ҳақ-ҳуқуқларига дахлдор бўлган турли долзарб масалаларга бағишланган туркум танқидий-таҳлилий мақолаларнинг доимий тарзда чоп этилиши Маҳмудхўжа Беҳбудий жасоратининг биргина кўринишини белгилайди. Тилларнинг ўзаро муносабатига бағишланган “Тил масаласи” мақоласи ёки адабий танқидга катта ўрин берилган “Танқид сараламоқдур” мақоласи ана шундай долзарб мақолалардир. Бир сўз билан айтганда, муаллиф шу йўл орқали ижтимоий тузум туфайли вужудга келган ҳар қандай иллатларни йўқ қилиш имконини излайди. Шу йўл орқали халқини зиёли ва саводли қилишни, қуллик, саводсизлик ва миллий ёпиқликдан озод этиш, жаҳон ҳамжамияти билан биргаликда қадам ташлаш ва ривожланишни истайди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ундан ташқари “Нашриёти Беҳбудий” номли ўзининг хусусий нашриётини ташкил этиб, унда турли дарслик ва ўқув қўлланмалар, бадиий асарлар, хусусан, Фитратнинг “Баёнати сайёҳи ҳинди” асарининг русча нашрини чоп этади. Ўзи муаллифлигида қатор дарсликлар тайёрлаб, ўқувчилар эътиборига тақдим этади.
Театр – ибратхона
У пайтлар маърифат учун биргина мактаб ёки матбуот кифоя қилмас эди. Миллат учун шундай ойна керак эдики, унда у ўз қабоҳатини ҳам, малоҳатини ҳам кўриш имконияти бўлсин. Мунавварқори Абдурашидхонов таъбири билан айтганда, театр саҳнаси барча томондан шишаланган хонага ўхшар, унга ким кирса, ўз гўзаллиги ва хунуклигини, камчилик ва ютуқларини кўриб, ибрат олади. Мана шу эҳтиёж ва зарурат, айтиш мумкинки, Беҳбудийни театр сари бошлади. Унинг назарида театр – ибратхона мисоли гавдаланарди. Шу боис ҳам у ўз ғояларини ёйиш учун “усули жадид”, “усули савтия” ва матбуотдан ташқари, т
еатрнинг ўрнини фавқулодда муҳим, деб билди. “Падаркуш” шу тариқа майдонга келди. Аммо унинг учун бу жараён осон кечмади, 1911 йилда ёзилган пьеса минг чиғириқлардан сўнггина 1913 йилда нашр этилди. Аввал Самарқандда озарбайжонлик режиссёр Али Асқаров томонидан 1914 йилнинг 15 январида, шундан сўнг 1914 йилнинг 27 февралида Абдулла Авлоний ташкил этган «Турон» театр труппаси томонидан Колизей майдонида илк бор саҳнага олиб чиқилди. Шундай қилиб, 1915 йилга келиб театр труппаларида катта ижтимоий ва ахлоқий масалаларни кўтарадиган, адолатсизлик, зулм, истибдодни фош қиладиган спектакллар кўплаб намойиш этиладиган бўлди. Шубҳасиз, шулар орасида энг кўп қўйилган ва мухлислар олқишларга сазовор бўлган асар “Падаркуш” бўлди. Дарҳақиқат, бу асар – ўзбек драмачилигининг биринчи намунаси. Аслида асар ҳажман у қадар катта эмас, 3 парда, 4 манзарадан иборат. Аммо жаҳолат ва нодонлик ботқоғига ботган, ўқимаган боланинг бузуқ йўлларга кириб, ўз отасини ўлдиргани ўз даврининг катта бир миллий фожиаси бўлди. Шундай қилиб, Беҳбудий “Падаркуш”и нафақат ўзбек, балки, татар, озарбайжон театр санъати ривожига ҳам катта таъсир кўрсатди.
Эъзоз ва эҳтиром
Буюк маърифатпарвар аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли, Президентимиз таъбири билан айтганда, буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим. Авваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғоришимиз керак. Шу боис ҳам бугун кўплаб соҳалар қатори, адабиётимизга, миллий маънавиятимиз, айниқса аждодларимиз меросига бўлган муносабат янги босқичга кўтарилмоқда. Буни бобокалонларимиз Маҳмудхўжа Беҳбудий шахсига кўрсатилаётган эътибор мисолида ҳам айтишимиз мумкин. Президентимиз фармонига кўра, халқ озодлиги ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида фидокорлик кўрсатиб, миллий таълим ва тарбия тизимини яратишга беқиёс ҳисса қўшган буюк маърифатпарвар бобокалонларимиз: Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхоновларнинг «Буюк хизматлари учун» орденига муносиб кўрилганлиги фикримиз далилидир.
Ўйлаймизки, бугун улар номини абадийлаштириш, ҳайкаллар ўрнатиш, ҳаёти ва ижодини чуқур тадқиқ этиш, асарларининг илмий нашрларини тайёрлаш, уларни ўқиш ва ўргатиш, тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган ишлар яқин вақтлар ичида ўзининг кутилган самарасини беради.
Шуҳрат ҲАЙИТОВ,
Филология фанлари бўйича фалсафа доктори,
адабиётшунoс.